Ҳодисалар    7:00 / 10.02.2023     1415
Жиззах вилояти 7 балли сейсмик зонага киради — Сейсмология институти олимлари
Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Сейсмология институти олимлари Ўзбекистонда бўладиган ер қимирлашлари сейсмик районлаштириш харитасини тузиб чиқишган. Шу харита асосида қайси ҳудудларда 4-5 балл, қайси ҳудудларда 7-8 баллга мўлжаллаб уй-жой қуриш режалаштирилади.

6 феврал куни Туркия ва Сурияда бўлган зилзила 10 мингга яқин кишини ҳаётдан олиб кетди. Бундай ҳолатда, зилзилани олдиндан башорат қилишнинг имкони йўқми, зилзила белгиларини билиш мумкинми, зилзила бўлиб қолганда нима қилиш керак, каби саволлар ўртага чиқади. Kun.uz шу ва бошқа муҳим саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олди.
Ер шарида зилзила бўладиган 3та сейсмик камар бор. 80 фоиз зилзилалар Тинч океани сейсмик камарида бўлади, иккинчиси Ўрта Ер денгизи – Осиё сейсмик камари бўлиб, бу ерда 10-15 фоиз ер силкинишлари бўлади.
Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳам иккинчи сейсмик камарнинг ичида жойлашган бўлиб, назарий жиҳатдан Ўзбекистон ҳудудида ҳам 8-9 балли зилзилалар бўлиши мумкин.
Зилзилага мойил ҳудудлар
Ўзбекистонда бўладиган зилзилаларни Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Сейсмология институти ўрганиб, илмий-тадқиқот ишлари олиб боради. “Тошкент” марказий сейсмик станцияси Ўзбекистон бўйлаб юз берган силкинишлар ҳақидаги маълумотларни йиғади.
Сейсмология институти олимлари Ўзбекистонда бўладиган ер қимирлашлари сейсмик районлаштириш харитасини тузиб чиқишган. Шу харита асосида қайси ҳудудларда 4-5 балл, қайси ҳудудларда 7-8 баллга мўлжаллаб уй-жой қуриш режалаштирилади.
Чотқол тоғ тизмасининг марказий қисми ва Фарғона водийсининг шарқий қисмлари 9 балли сейсмик зонада жойлашган. Бу зонанинг ғарбий чегараси Наманган ва Фарғона шаҳарлари яқинидан ўтади. Зона жанубий ва жанубий ғарбий йўналишларда Тожикистонга ўтади ва Сурхондарё вилоятининг шимолида Шарғун шаҳри атрофларидаги кичикроқ ҳудудни ўз ичига олади. Бу зонада 9 балли зилзилаларнинг эпицентри жойлашган.
8 балли зона шимолида Қоржонтов, Угом ва Писком тоғ тизмаларини қамраган. Жануброқда бу зона Тошкент, Наманган ва Фарғона шаҳарлари орасидан тор полоса шаклида ўтади, сўнгра Тожикистонга, у ердан Сурхондарё вилоятига ўтиб, ғарбдан Бойсунтоғ тизмасининг шимолий қисмида 9 балли зона билан туташади. Бухоро вилоятининг Газли шаҳри атрофи ҳам 8 балли зонага киради.
Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудуди, Қашқадарё вилоятининг ғарбий қисми ва Сурхондарёнинг асосий ҳудуди ҳамда Навоий вилоятининг шарқий қисми, Бухоро вилояти, Хоразм вилоятининг жанубий қисмлари эса 7 балли зонага киради.
Ўзбекистон тарихидаги кучли силкинишлар
1966 йилда содир бўлган Тошкентдаги ер силкиниши энг кучли зилзилалардан бири сифатида тарихда қолган. Бироқ пойтахт тарихида кучли зилзилалар кўп бўлган.
Тарихчи Муҳаммад Солиҳ “Тарихи жадидаи Тошканд” асарида ҳикоя қилишича, 1866 йил 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси ҳам Тошкентда жуда кучли ер силкиниши бўлган. Мозор ва жоме масжидларининг гумбазлари, жумладан, Хожа Аҳрор жоме масжиди гумбази, аҳоли яшайдиган иморатлар қулаб, анча одам ҳалок бўлган.
Яна 1868 йилнинг 4 феврал ва 4 апрел, 1886 йилнинг 29 ноябр, 1924 йилнинг 7 июн, 1946 йилнинг 3 ноябр кунларида ҳам Тошкентда 7 ва 8 балли зилзилалар бўлгани айтилади.
Шунингдек, 1902 йил 16 декабрда Андижон шаҳрида 8-9 балл, 1976 йил 8 апрелда Бухоронинг Газли шаҳрида 8-9 балли зилзилалар содир бўлган.
Зилзила даракчилари борми?
Мутахассисларнинг айтишича, дунёда зилзилани олдиндан айтиб берадиган, прогноз қиладиган марказ йўқ. Аммо зилзиланинг маълум бир даракчилари бўлиб, шуларга қараб яқин орада ер қимирлаши бўлиши мумкинлигини прогноз қилса бўлади.
Сейсмология институти академиги Қаҳҳорбой Абдуллабековнинг маълумот беришича, 1966 йилги Тошкент зилзиласидан олдин ерости сувлари, қудуқлардаги сувлар ҳаракатга келган. Баъзи жойларда сувлар кўтарилиб кетса, айрим жойларда тушиб кетган.
“Тошкент зилзиласидан кейин маълум бўлдики, зилзиладан олдин маъданли сувлар таркибидаги тузлар, газлар, 10дан ортиқ ҳар хил микроэлементлар таркиби ўзгариб кетар экан. Бу ўша пайтгача дунё олимларига номаълум бўлган. Бу нарса илк бор Ўзбекистон Сейсмология институти олимлари томонидан аниқланди. Ва зилзила даракчиси сифатида қабул қилинди”, – дейди академик.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, зилзиладан олдин ер сиқилиши натижасида тоғ жинслари деформацияга учрайди ва шундан электромагнит тўлқинлар ажрала бошлайди. Яна, силкинишлардан олдин ерда ёриқлар пайдо бўла бошлайди.
Шунингдек, биологик даракчилар ҳам бор. Ҳайвонлар югуриб чиқиб кетади, илонлар, ит ва мушуклар ташқарига чиқади.
“Шулардан келиб чиқиб, Андижондаги Олой зилзиласи, Поп зилзиласи олдиндан айтиб берилган. Лекин бутун дунё бўйича ҳали об-ҳаводек зилзила бўлиш кунини юз фоиз олдиндан айтиб берадиган махсус хизмат йўқ”, – дейди академик.
Содир бўлаётган зилзилаларнинг Ўзбекистонга таъсири
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг маркази бошлиғи Қаҳрамон Қўчқоровнинг маълумот беришича, Туркиядаги каби зилзилалар 1 кун ёки 1 йилда пайдо бўлган эмас, бундай кучли ер силкинишлари 50-60 йилда етилиб келади.
“Бундан ташқари, интернетда дунёда сейсмик фаоллик бошланяпти, деган сарлавҳалар билан турли хариталар тарқаляпти. Бундай хариталар асоссиз. Дунёда ҳеч қанақа сейсмик фаоллик бошланган эмас. Туркияда зилзила бўлишидан олдин ҳам ҳар ҳафта Ўзбекистонда 40-50тача кичик ер қимирлашлари бўлиб турарди. Лекин буни ҳеч ким сезмайди”, – дейди у.
Сейсмология институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, геология-минералогия фанлари доктори, профессор Воҳидхон Исмоилов эса Туркиядаги зилзилаларнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, Туркияда юз берган зилзила Ҳиндистон, Австралия метасфераси билан Арабистон плитаси ва шимолдан Евроосиё плитасининг ўзаро тўқнашуви жараёнида ҳосил бўлган. Бу умумий глобал фаоллашув даврида намоён бўлаётган ҳолат, аммо бири иккинчисига тўғридан тўғри таъсир қилмайди.
“Туркия ҳам, Ўзбекистон ҳам Ўрта ер денгизи – Осиё сейсмик камарига киради. Бироқ уларнинг бирбирига тўғридан тўғри боғлиқлиги йўқ. Ер қобиғи бўлак тузилишга эгалиги сабаб Туркияда юз берган зилзиланинг таъсири Ўзбекистон ҳудудида сезилмайди”, – деди у.
Олдинроқ ФВВ расмий баёнот чиқариб, Ўзбекистонда магнитудаси 5 баллга тенг ёки ундан катта бўлган зилзила даракчилари аниқланмаганини маълум қилган, фуқаролардан ортиқча ваҳимага тушмасликларинисўраганди.
Стол ости, бурчаклар ва эшиклар
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институтида сунъий зилзила маркази қурилган. Бу ерда махсус хона бўлиб, у 8-9 баллгача сунъий қимирлатиб турилади ва худди шу вазиятда аҳолига нима қилиши кераклиги, уйнинг қаерига беркиниш мумкинлиги тушунтирилади.
Институт ходими Жумадулла Сагатовнинг маълумот беришича, зилзила вақтида ҳаракатланишда энг аввало хавфли нуқталарни билиши керак. Хонанинг ички бурчаклари, эшикнинг ички кесаклари, стол таги хавфсиз жойлар ҳисобланади. Хона жиҳозларининг ёнида туриш, деразаларга яқин бориш, кўп қаватли уйларда зиналардан тушишга ҳаракат қилиш жуда хавфли.
Мутахассис кучли зилзила бўлганда катта талафот кўрмаслик учун, хонадаги мебелларни деворга имкон қадар жипслаштириш ва овқатланадиган, ухлайдиган жойлардан узоқда жойлаштириш кераклигини айтди. Бевосита зилзила вақтида эса электр ва газни тезроқ ўчиришга ҳаракат қилиш лозим. Яна бир муҳим жиҳат – кўп қаватли уйнинг ички лойиҳасини ўзгартириш ҳам зилзила вақтида уйнинг қулашига сабаб бўлиши мумкин.
“Кўп қаватли уйнинг конструкцияларига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш, устунларини олиб ташлаш нафақат хонадон эгаси, балки бутун бошли уйда яшайдиган ҳамманинг ҳаётини хавфга қўйиши мумкин”, – дейди Сагатов.
Шу билан бирга, ФВВнинг “Zilzila Mobile” мобил иловасида ҳам зилзила вақтида қандай ҳаракатланиш йўл-йўриқларини ўқиб ўрганиш мумкин.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Оператор ва монтаж устаси – Асрор Алмурадов, Абдуқодир Тўлқинов
