Ҳодисалар    10:14 / 20.10.2022     699
Жиззахда поезд изидан чиқиб кетди
Шароф Рашидов туманида юк автомобили йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмагани темир йўл ҳодисасига сабаб бўлган.

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, бугун, 20 октябрь куни кеч соат 00:25 да Шароф Рашидов тумани “У.Хатамов” МФЙ ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган Shackman русумли юк автомобили Жиззах-2 Чаманзор темир йўл бекатлар оралиғининг 3 550 км.да ҳаракатланиб кетаётган “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖга қарашли тепловозининг йўлига чиқиб кетиши натижасида темир йўл ҳодисаси содир бўлган.
Бошқарма Навбатчилик қисмига бу ҳақда хабар берилгач, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди қутқарувчилар бўлинмаси дарҳол юборилган. Темир йўл ҳодисаси натижасида тепловоз ўз изидан чиқиб кетиб ҳаракатдан тўхтаган.
Ҳодиса оқибатида юк автомобили хайдовчиси тан жароҳати олган, унга жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, РШТЁИМ Жиззах филиали жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Мақола янгиланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг аниқлик киритишича, қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида рўй берган ушбу ҳодисага юк машинаси ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмай йўлнинг чап тарафидан ҳамда светофорнинг қизил чироғи тақиқига қарамасдан ҳаракатланганлиги сабаб бўлган.
Ҳодиса туфайли жароҳатланган тепловознинг 2 нафар машинисти тиббий ёрдам олди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
