Ҳодисалар    7:01 / 14.09.2022     798
Зоминда автобус билан тўқнашган Nexia ҳайдовчиси вафот этди
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни соат 19:20 ларда Зомин тумани “Дуоба” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган “Даштобод-Зомин-Супа-Бахмал” 4Р-40 йўлининг 63 км.да иккита автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, Ғаллаорол тумани “Гулистон” МФЙ Жовқаш қишлоғида яшаган 1984 йилда туғилган шахс Nexia русумли автоуловини Супа йўналиши бўйича бошқариб бораётиб қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Бухоро вилояти Когон шаҳри “Навбаҳор” МФЙда истиқомат қилувчи 1986 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги автобус билан тўқнашиб кетган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Nexia ҳайдовчиси тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
