Обуна бўлинг

Иқтисодиёт    9:41 / 21.04.2023     302

Жиззахда миллий картошка уруғини яратиш учун ерлар ажратилади

Бу борада иш олиб бориш учун Бахмал ва Зомин туманлари танлаб олинган.

Президент Шавкат Мирзиёев картошкачиликни ривожлантиришга қаратилган режа ва таклифлар тақдимоти билан танишди. 

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатимизда картошкага бўлган талаб қарийб 4 миллион тоннани ташкил этади. Шунинг 80 фоиздан зиёди Ўзбекистонда етиштирилиб, қолган қисми импорт ҳисобидан тўлдирилмоқда. Бугунги кунда 253 минг гектарда картошка экилаётган бўлса, ўртача ҳосилдорлик 163 центнерни ташкил этмоқда. Чет эллардагига қараганда бу жуда паст кўрсаткич. 

Яна бир муаммо уруғчилик билан боғлиқ. Аҳоли ва деҳқончилик хўжаликлари элита ва R1 уруғлик ўрнига импорт қилинган ёки маҳаллий сифатсиз картошка экмоқда. Юқори ҳосилли уруғлик картошка етиштириш учун экин ерлари ва иссиқхоналар, уларни сақлаш учун омборхоналар етарли эмас. Ҳосилдорликнинг камайишига сабаб бўлувчи вирус ва бактерияли касалликларни текширадиган лабораториялар йўқ. 

Йиғилишда ушбу долзарб масалаларни ҳал этиш, картошкачилик ва унинг уруғчилигини ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. 

Маълум қилинишича, бугунги кунда миллий генофондда 250 хил картошка нави бор, 4 та корхона ва илмий-тадқиқот институтлари томонидан 27 та навдан миллий уруғ яратиш бўйича ишлар бошланган. 

Улардан бири Самарқанддаги Ўзбекистон – Корея қўшма корхонасидир. Унинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида биринчи босқичда Булунғур, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидан 500 гектар, иккинчи босқичда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Жиззах вилоятининг Бахмал ва Зомин, Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан 2 минг гектар ер ажратиш мўлжалланмоқда. 

Уруғчиликни ривожлантириш учун Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида 4 гектарлик, Самарқанддаги «Green Korea аgro Invest» корхонасида 1 гектарлик иссиқхона ва совиткичли омборхоналар қуриш режалаштирилган. Бу лойиҳалар Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади ва «in vitro» усулида картошка уруғини етиштиришнинг тўлиқ цикли йўлга қўйилади. 

Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалида «илм – таълим – ишлаб чиқариш» тамойили бўйича Картошка уруғчилиги маркази ташкил этилади. Картошканинг яширин вирус касалликлари ва сифат кўрсаткичларини аниқлаш бўйича 4 миллион долларлик лаборатория ишга туширилади. 

Шу каби чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 2025 йилдан картошка уруғчилигига бўлган ички талаб тўлиқ таъминланиши қайд этилди. 

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, уруғлик картошка етиштириш ҳажмини ошириш ва сифатини кафолатлаш бўйича кўрсатмалар берди. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 500 тонна элита картошка уруғларини 1 минг 700 та аҳоли томорқаларига бепул тарқатиш, картошка етиштирувчиларга имтиёзли маблағлар ажратиш вазифаси қўйилди. 

Сўнгги

Иқтисодиёт рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!