Иқтисодиёт    7:00 / 25.04.2023     676
Жиззахда Татаристон Республикаси билан ҳамкорликда “Жиззах” кимё-индустриал технопарки иш бошлади
Маълум қилинишича, бу ерда яқин истиқболда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 90 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 11,1 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт ўрни қопланади.

Яқин истиқболда 30 дан зиёд саноат лойиҳалари йўлга қўйиладиган мажмуанинг очилиш маросимида Татаристон раҳбари Рустам Минниханов иштирок этди. Бу ҳақда “Jizzax MTRK” хабар бермоқда. Шунингдек, юқори мартабали меҳмон шу куни Жиззах шаҳрида жойлашган Қозон Федерал Университети филиалидаги тиббиёт факультети фаолиятини ҳам кўздан кечирди.
Таъкидланишича,Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўрнатилган самарали иқтисодий ҳамкорлик туфайли Жиззах вилояти ҳудудида ҳозирда умумий қиймати 200 миллион АҚШ долларига тенг 10 га яқин ишлаб чиқариш қувватлари ишлаб турибди.
Икки томонлама иқтисодий алоқалар ҳамда савдо ҳажми ўтган йилгига қараганда 55 миллион долларга ошган.
Биз бу билан Ўзбекистонда иккинчи технопаркни ҳамкорликда бунёд этмоқдамиз. Қўллаб қувватлов учун жуда миннатдормиз. Бу ерда резидент тадбиркорлар учун энг керакли бўлган барча муҳандислик коммуникация ва логистик шарт шароитлар, қулай автомобиль ва темир йўллар мавжуд. Ва мана шунинг учун биз бу ерда қисқа вақт ичида янги инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқариш қувватлар йўлга қўйилишига ва мингдан ортиқ иш ўринлари барпо бўлишига ишончимиз комил.
Айрат Гиззатуллин — “Химград” технополиси раҳбари
Президент Қарорига кўра, бугун иш бошлаган “Жиззах” кимё-индустриал технопаркининг иқтисодий имкониятлари нафақат Жиззах вилояти, балки республика иқтисодиётида сезиларди бўлиши таъкидланмоқда.
Маълум қилинишича, бу ерда яқин истиқболда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 90 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 11,1 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт ўрни қопланади, бир вақтнинг ўзида 25 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар экспорти таъминланади.

Жиззах технопарки очилиш маросимида унинг истиқболи билан яқиндан танишган Татаристон раҳбари Рустам Минниханов бу мажмуада фаолият бошлайдиган саноат қувватлари икки мамлакат ўртасидаги самарали иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришини қайд этиб, бу борадаги ташаббуслар учун қулай шарт-шароитлар яратилганидан мамнум эканини изҳор этди.
Тадбир сўнгида «Химград» технополиси ва «Ўзкимёсаноат» акционерлик жамияти ўрасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва қатор ишлаб чиқарувчилар билан муҳим келишувларга эришилди.
Юқори мартабали меҳмон шу куни Қозон федерал университетининг Жиззах филиалида ҳам бўлди.
Аввало, меҳмондўст Ўзбекистон халқи, Жиззах элига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бу ерда ёшларнинг чуқур билим ва амалий кўникма олиши, тажриба орттириш учун жуда кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бугун тиббиёт факультети қошида очилган симуляцион марказ бунга ёрқин мисол. Энг муҳими, Қозон Федерал университети эндиликда маъруза ва амалий семинарлар ўтиш учун ўзининг энг билимли ва тажрибали профессор ўқитувчиларини бу ерга жўнатиб, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Агар истиқбол ҳақида сўз юритсак, шубҳасиз ушбу олий таълим даргоҳининг келажаги бор. Чунки бу ерда ўқиётган талабалар жуда интилувчан, билимга чанқоқ ва истеъдоли эканини кўриб турибмиз.
Диляра Шакирова — Қозон Федерал университети тиббиёт факультети кафедра мудири, профессор
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов Жиззах вилоятига ишчи ташрифи доирасида ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини намоён этадиган бошқа манзилларда бўлди.
