Обуна бўлинг

Иқтисодиёт    7:00 / 26.07.2023     570

Ўзбекистондаги аксарият писта плантациялари Жиззахда етиштирилган кўчатлардан шакллантирилган

Майда етилган писта юмшоқ ва пушти. Мевасининг эти қалин, нордонроқ, «қариндоши» ҳисобланган мангодек ифор таратади. Республика манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмий ишлаб чиқариш марказининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги таянч пунктида бундай дарахтлар боғи нақ 30 гектар.

Фото: “Газета.uz”

Майда етилган писта юмшоқ ва пушти. Мевасининг эти қалин, нордонроқ, «қариндоши» ҳисобланган мангодек ифор таратади. Республика манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмий ишлаб чиқариш марказининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги таянч пунктида бундай дарахтлар боғи нақ 30 гектар, —деб хабар бермоқда “Газета.uz”. Шунинг учдан бири алоҳида эътиборга молик дарахтлардир — улар Ўзбекистондаги аксарият писта плантацияларининг «ота» ва «она»лари. Бундай «она» плантацияни ташкил этишга зарурат 2011 йили, Глобал экологик фонд Кичик грантлар дастури (ГЭФ КГД) шу йўналишдаги дастлабки лойиҳалардан бирини муваффақиятли якунлагач пайдо бўлганди.

Ўша лойиҳа самарасида жиззахлик фермер Бастамқул Саидқулов қишлоқдошлари билан бирга 40 гектар майдонга писта дарахтларини экканди, ваҳоланки у дастлаб ГЭФ КГДга ўз ерига сув чиқариб, боғ барпо этиш учун қувур сотиб олишда ёрдам кўрсатишни илтимос қилиб келганди. Аммо ГЭФ КГДнинг Ўзбекистондаги миллий мувофиқлаштирувчиси Алексей Волков 15 йил аввал аниқ биларди: сув тугайди, бўлганда ҳам жуда тез тугайди. Ўшанда Бастамқул Саидқуловга суғоришни талаб қилмайдиган ва яхши даромад келтириши мумкин бўлган писта дарахтини экиш тавсия қилинганди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида аҳоли ва маҳаллий маъмуриятда ушбу ўсимликка нисбатан қизиқиш борлиги маълум бўлгач, ўрмон хўжалиги олимлари таянч пункти ҳудудида навдор пистанинг «она» плантациясини ташкил этишни молиялаштириш учун ГЭФ КГДга ариза берди. Дастур ушбу аризани қаноатлантирди ва 12 йил ичида Ғаллаорол пистасининг «авлодлари» бутун мамлакат бўйлаб тарқалди.

Фото: “Газета.uz”

Ушбу ўрмон хўжалиги аввалбошдан навдор пистани етиштириш жойи эди. Пистанинг Марказий Осиёдаги энг катта коллекцияси ҳам айнан шу ерда. Ушбу коллекция ҳаётининг 50 йилдан ортиғини «яшил олтин»га бағишлаган Писта хоним — Галина Чернова бошлиқ олимлар гуруҳи томонидан кўп йиллар давомида тўпланган. Ўрмон хўжалиги институтининг пистачилик жамоаси бу дарахт ҳақидаги билимларни тарқатиш учун кўп ҳаракат қилган. Аммо 2008 йилгача бу уринишлар бесамар кетган, чунки пистанинг биринчи ҳосилини олиш учун кўп — 7−10 йил кутиш керак.

Писта хоним. Фото: sgp.uz

«Бу — фақат харажат қилиш даври, бундай ҳолат эса пистачиликни жуда таваккал ишга айлантиради, аммо шуни ҳам эътиборга олиш керакки, писта — абадий яшайдиган дарахт. У фермерлар учун пенсия жамғармаси ва яхши мерос, чунки у минг йил давомида ҳосил бераверади, бизнинг писта эса — жаҳонда энг яхшиси, шундай экан, биз бунинг ортидан Туркия, Эрон ва Голландиядан ҳам кўпроқ даромад олишимиз мумкин», — дейди Алексей Волков.

Абадий дарахтни ўтқазиш фермерларга манфаатли бўлиши учун Ғаллаоролдаги «она» плантация муаллифларидан бири Евгений Ботман бодомнинг «она» плантациясини ҳам ташкил этишни таклиф қилди. Пистадан фарқли ўлароқ, бодом уч йилда ҳосилга киради, лекин унинг ҳосил бериш даври атиги 20 йил. Шу боис ўрмончилар сувсизликка чидамли ва айни вақтда даромад келтирувчи бу дарахтларни бирга экишни тавсия қилади.

«Бодом пул келтиришни тўхтатиши билан писта даромадга киради», — дейди Евгений Ботман.

Евгений Ботман ГЭФ КГД жамоаси билан бирга. Фото: “Газета.uz”

Бироқ ҳозир фермерлар ўз бодомзорларини яратиш учун ушбу ўсимликнинг мазали навларини ҳеч қаердан топа олмаяпти. Совет даврида Шредер номидаги мевачилик ва узумчилик илмий-текшириш институти олимлари бир неча навларни яратганди, аммо 1990 йилларда бу ишлар тўхтаб қолган. Ҳозир Шредер институтининг бодомзорларида дарахтлар «қариб», қурияпти. Қолган намуналардан кўпайтириш учун қаламча олиш осон иш эмас.

Шу боис Евгений Ботман ўрмончилар жамоаси билан бирга ГЭФ КГДдан яна бир грант сўради. Ажратилган маблағ эвазига олимлар гуруҳи бутун Ўзбекистонни айланиб чиқиб, одамлар ўз уйида ўстираётган бодом навларидан 50 тасини йиғиб келди. Тўпланган намуналар асосида Ғаллаорол станциясида коллекциявий плантация ташкил этилди. Намуналар орасида кеч гуллайдиган навлар ҳам бўлиб, бу ҳосилнинг кеч куздаги совуқларда нобуд бўлишдан асрайди.

Фото: “Газета.uz”

Олимлар ҳар бир навдан 20 тадан дарахт экиб чиқди. Ёш кўчатлар учун томчилаб суғориш тизими тортилди. Тез орада мазкур ўрмон хўжалигига бодом қаламчаси, уруғи ва уни етиштириш бўйича маслаҳат сўраб бутун Ўзбекистондан ва бошқа давлатлардан фермер ва тадбиркорлар келади. Писта билан ҳам шундай бўлганди, деб эслайди Евгений Ботман. Пистазор ё бодомзор барпо этишни ният қилган деҳқонлар учун грант маблағлари ҳисобидан машғулот маркази, олимлар учун эса турар жой қурилган.

Тез орада жамоа ҳув бир замонлар писта учун қилинганидек, бодом қанча пул келтириши ва «яшил олтин» ҳосилга кириши кутиладиган 7−10 йиллик даврдаги харажатларни қанчалик тез қоплаб бера олишини ҳисоблаб беришлари учун иқтисодчиларни ёллайди.

«Чунки инсон, агар бу унга пул келтирмаса, табиатни муҳофаза қилишдан манфаатдор эмас», — дейди Алексей Волков.

Шу боис ГЭФ КГД нафақат табиатга наф келтирадиган, балки одамни бой қиладиган ҳам лойиҳаларга грант ажратади. Абадий дарахт ва бодомнинг иқтисодиёти шу қадар яхшики, ўрмончилар ва ГЭФ КГД жамоасининг ишонч билдиришича, у фермерларни Ўзбекистоннинг барча қурғоқчилик тепалик ва адирликларини шундай дарахтлар билан қоплаб чиқишга рағбатлантира олади. Токи, биз Она Ернинг охирги томчи сувини ичиб битиргунимизга қадар бу дарахтлар сувни ерга қайтаришга улгурсин.

Сўнгги

Иқтисодиёт рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!