Иқтисодиёт    7:00 / 3.06.2023     597
Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Сувчилар мактаби” лойиҳаси фаолиятини бошлади. Жиззахда ўқувларни ташкил қилиш учун сайёр гуруҳ ташкил этилди
29 май куни “Агробанк” ва Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида “Сувчилар мактаби” лойиҳасига старт берилди.

29 май куни “Агробанк” ва Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида “Сувчилар мактаби” лойиҳасига старт берилди.
2023 йил 18 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган йиғилишда сув тежовчи технологияларни жорий этиш масаласи муҳокама қилинган эди.
“Биринчи навбатда, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини оширишда фермерларни ўқитиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам бу мактабда сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланишнинг илғор усуллари бўйича билимлар берилади. Исроил, Туркия, Испания ва Хитойдан тажрибали мутахассислар ҳам жалб қилинади. Шу йил якунига қадар, Республиканинг ҳар бир ҳудудида Сувчилар мактаби ташкил этиш режалаштирилган”, – дея таъкидлади “Агробанк” АТБ Бошқарув раиси Рустам Маматқулов.
Янги лойиҳада ўқув курслари фермер-деҳқонларимизнинг вақтини тежаш учун уларнинг олдида ташкиллаштирилади. 5 та махсус микроавтобусларда 5 та гуруҳдан иборат профессор-ўқитувчилар бориб уларга билим ва амалиётни интеграция қилган ҳолда ўқитишади. Ушбу ўқув курслари 5 ой давомида 155 та туманда ўтказилади. Курслар юртимиздаги 60 мингдан зиёд фермерларни тўлиқ қамраб олади. Бунга 50 га яқин маҳаллий ва хорижлик мутахассислар жалб қилинган.
Бунинг учун соҳанинг тажрибали мутахассисларини жалб қилган ҳолда махсус handbook ишлаб чиқилди.
Ўқув мавзуларида:
– Сувни тежовчи технологиялар турлари, афзалликлари ва уларнинг самарадорлиги;
– Хорижий тажриба. Замонавий суғориш тизимининг аҳамияти ва сувдан фойдаланиш маданияти;
– Иқтисодий ва ҳуқуқий саводхонлик: субсидия, кафилликлар, солиқ имтиёзлари ва банк кредитлари;
– Тупроқнинг сув хоссалари ва нам сақловчи технологияларини ўрганиш (амалий);
– Хорижий тажриба. Замонавий суғориш тизимларини қуриш, ишга тушириш ва ишлатиш тартиби ёритиб берилади.
Сув хўжалигини ислоҳ қилиш борасида Исроил, Туркия, Испания ва Хитойдан тажрибали мутахассислар жалб қилиниб борилади. Илмий салоҳиятни ошириш, сув хўжалиги соҳасида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Агробанк” томонидан биринчи босқичда 10 млрд. сўм грант ажратилади.
“Ушбу мактабни ташкил этишдан мақсад қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига сувдан самарали фойдаланиш орқали юқори ҳосилдорликка эришишни ўргатишдир. Бунда инновацион технологиялар, ривожланган хорижий мамлакатлар амалиётига жорий этилаётган янги тажрибалар орқали мактаб аъзолари фаолияти такомиллаштириб борилади”, – дейди Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев.
Республикамизда ўтган даврда қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун 5 трлн сўм кредит ажратилган бўлиб, маблағлар ҳисобига 1 млн гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.
Шунингдек, жойларда ўқувларни ташкил қилиш учун 5 та сайёр гуруҳлар ташкил этилди:
1-гуруҳ: Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари;
2-гуруҳ: Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари;
3-гуруҳ: Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари;
4-гуруҳ: Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари;
5-гуруҳ: Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти.
Мактаб билан боғлиқ барча харажатлар “Агробанк” томонидан молиялаштирилади.
Дастлабки босқич учун 26 млрд сўм маблағ ажратилган.
Келажакда, яъни шу йил якунига қадар республиканинг ҳар бир ҳудудида “Сувчилар мактаби” ташкил этиш режалаштирилган.
2024-2030 йилларда 45 мингдан ортиқ (ҳар йили 6500 нафар) фермер хўжаликларини сертификатлаш бўйича 1 ҳафталик ўқув курслари ва “Сувчилар мактаби” платформаси ташкил этилади.
