Иқтисодиёт    10:00 / 27.10.2022     564
Зафаробод туманида теракнинг селекция қилинган нави етиштирилмоқда
Теракнинг маҳаллий навини “Калифорния” нави билан чатиштириш натижасида манзарали, кенг баргли “Ўзбекистон” нави олинмоқда.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда кўчат заҳиралари ўта муҳим ҳисобланади. Кўчат заҳирасини яратишда миришкорлар, томорқа ер эгалари, боғбон ва деҳқонлар фаоллик кўрсатмоқда.
Жизза вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, Зафаробод тумани “Тинчлик” МФЙ ҳудудида жойлашган “Пайванд нишонаси” боғдорчилик, кўчатчилик ҳусусий корхонаси туманни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун ҳар йили минглаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштириб бермоқда.
Хўжалик раҳбари Абдуманноп Маматқуловнинг айтишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг 2022 йил кузги мавсуми учун 60 минг туп кўчат заҳираси яратилган. Шу кунга қадар тумандаги корхона ва ташкилотларга 5 минг туп кўчат етказиб берилган.
Туманнинг иқлим шароитига мос бўлган қайрағоч, япон сафораси, терак ва тут кўчатлари ҳам тайёрлаб берилмоқда. Қизиғи, теракнинг маҳаллий навини “Калифорния” нави билан чатиштириш натижасида манзарали, кенг баргли “Ўзбекистон” нави олиниб, туман ҳудудида экиш учун етиштириб берилмоқда.
