Жамият    7:01 / 5.12.2022     236
Жиззахда 23 миллион сўмликдан ошиқ пиротехника воситалари мусодара қилинди
Бу йўналишда 38 та қонунбузарлик аниқланиб, жами 62 минг 261 дона пиротехника воситалари олиб қўйилган.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, Жиззах шаҳри Қалия маҳалласи яшовчи И.Н. ноқонуний равишда 3 дона «7 шотс» номли пиротехника воситасини 540 минг сўмга сотган вақтида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.
Суриштирув давомида ушбу шахс мазкур воситаларни Шароф Рашидов тумани Нурафшон маҳалласида яшовчи С.А.дан олганлигини билдирди.
Шу сабабли С.А. фаолият кўрсатадиган Жиззах шаҳридаги «Грин кард» биноси холислар иштирокида кўздан кечирилди. Ушбу жараёнда 7 дона «7 шотс» ҳамда 5400 дона «Трения» номли пиротехника воситалари топилди.
Худди шундай соҳа вакиллари Зомин тумани ҳудудидаги «Яккабоғ-15» ЙПХ масканида Зомин тумани Даштобод шаҳри Бунёдкор маҳалласида яшовчи Ш.У. бошқарувидаги «Матиз»ни тўхтатиб, текширганларида автоулов юкхонасида 8 дона «Фитул», 8 минг 400 дона «Британик» ҳамда 72 дона «Новинка» номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Шунингдек, жорий йилнинг 3 декабрь куни Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари Зомин тумани Даштобод шаҳарчасида хизмат олиб бораётган вақтларида Даштобод шаҳарчасида яшовчи фуқаро Р.Ж ёнида 20 та қутида жами 1 минг 200 дона пиротихника воситаларини олиб юрганлигини аниқладилар ва холислар иштирокида белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилди.
Ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Умуман олганда соҳа вакиллари томонидан бу йўналишда 38 та қонунбузарлик аниқланиб, жами 23 миллион 501 минг сўмлик 62 минг 261 дона пиротехника воситалари олинган.
