Жамият    7:01 / 25.11.2022     699
Жиззахда маҳкум ички ишлар органи ходимига пора бераётганда ушланди
Шароф Рашидов туманида жазони очиқда ўташ қоидаларини бир неча маротаба бузган маҳкум унга нисбатан чора кўрмоқчи бўлган пробация хизмати ходимини фикридан пора орқали қайтармоқчи бўлган эди.

Шароф Рашидов тумани Ғозғонтепа маҳалласида истиқомат қилувчи, муқаддам фирибгарлик, шунингдек, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятни содир этган шахс бу гал ички ишлар ходимига пора бермоқчи бўлди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу фуқаро суд ҳукми асосида жазони очиқда ўтаётгани боис айни пайтда ички ишлар органлари пробация гуруҳи назорати остида эди. Аммо маҳкум чеклов ва тақиқларга унчалик ҳам амал қилавермасди.
Яъни суд томонидан уйдан чиқиш тақиқланган вақтда уйини тарк этишга одатланган эди. Табиийки, унинг ҳаракатлари пробация хизмати ходимлари эътиборидан четда қолмади ва соҳа вакиллари маҳкумни 2 марта огоҳлантиришди.
Бу ҳолат учинчи марта такрорланганида ички ишлар органи ходими маҳкумни хизмат хонасига чақириб ундан тушунтириш хати олди ҳамда тайинланган жазони оғирроғига алмаштириш юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга киришганида маҳкум мазкур ҳужжатларни расмийлаштирмаслик эвазига қонун ҳимоячисига 500 АҚШ доллари миқдорда пора таклиф қилди.
Ўз навбатида ходим фуқарога бу хатти-ҳаракати оқибатларини тушунтирди, аммо у пул таклиф этишда давом этди. Шундан сўнг пробация хизмати ходими ҳолат юзасидан тегишли органларга мурожаат қилди.
Натижада ИИВ Шахсий хавфсизлик Бош бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ҳамда прокуратура ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилиб, ходимга 3 млн сўмни пора тариқасида берган маҳкум ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
