Жамият    8:13 / 23.06.2023     1446
Жиззахда рўй берган аянчли йўл-улов ҳодисалари ҳақида маълумот берилди

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати охири ўлим билан тугаган йўл-улов ҳодисалари ҳақида маълумот берди.

2023 йилнинг 6 май куни Жиззах—Учтепа—Навбаҳор автомобил йўлида содир этилган йўл улов ҳодисасида автомашина ҳайдовчиси вафот этган. Мазкур ҳалокатга ҳаракатланаётган Nexia’нинг олд чап томон шинаси ҳаво қўйиб юбориши сабаб бўлган.

13 май куни соат 7:30 ларда М-39 Тошкент—Термиз автомобил йўлида юз берган ҳодисада эса 1981 йилда туғилган йўловчи вафот этган. Маълум бўлишича, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида яшовчи 1995 йилда туғилган фуқаро ўзига тегишли Cobalt’ни Тошкент—Самарқанд йўналишида бошқараётиб ухлаб қолган. Натижада бошқарувни йўқотган Cobalt шу йўналишда йўлнинг ён қисмида тўхтаб турган юк машинасининг тиркамасига урилган.

15 июн куни тонгги соат 6:40 ларда халқаро аҳамиятга эга бўлган М-39 Тошкент—Термиз автомобиль йўлида яна бир автоҳалокат юз берди. Хусусан, Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшаган 1990 йилда туғилган ҳайдовчи GAZ 2834PA русумли автомашинасини Термиз йўналишида бошқариб бораётиб ухлаб қолган ва автомашина шу йўналишда олдинда ҳаракатланаётган DAF95XF русумли юк автомашинасининг тиркамасига урилиши оқибатида GAZ 2834PA русумли автомашина ҳайдовчиси вафот этган.

Июнь ойининг 16 санаси, тунги соат 23:10. Фориш тумани Эгизбулоқ маҳалласи ҳудудидан ўтган Жиззах—Қизилча автомобиль йўлида Жиззах йўналишида ҳаракатланаётган Nexia ўзидан олдинда ҳаракатланиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан қайрилиб олаётган Kamaz юк машинаси билан тўқнашган. Мазкур ҳалокатда Nexia ҳайдовчиси ва ушбу машинада бўлган 29 ёшли йўловчи ҳалок бўлган.
“Маълумот ўрнида айтиш керак, ушбу нохуш ҳодисалар, белгиланган тезликка амал қилмаслик, оралиқ масофани сақламаслик, рул бошқарувида ухлаб қолиш натижасида юз берган”, — дейилади хабарда.
