Обуна бўлинг

Жамият    12:18 / 6.11.2022     382

Жиззахда Шароф Рашидов таваллудининг 105 йиллиги кенг нишонланди

Бугун 6 ноябрь — халқимизнинг суюкли фарзанди давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов таваллудига 105 йил тўлди.

Фото: Dizak.uz

Бугун 6 ноябрь — халқимизнинг суюкли фарзанди давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов таваллудига 105 йил тўлди.

5 ноябрь куни сана муносабати билан Жиззах шаҳри марказидаги Шароф Рашидов номи билан аталган ҳиёбонда тадбир ташкил этилди. Тадбирга кенг жамоатчилик вакиллари, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар ва Шароф Рашидовичнинг фарзандлари ҳамда яқинлари ташриф буюришди.

Фото: Dizak.uz

Халқимизнинг оташқалб фарзанди таваллудининг 105 йиллик тантанасида сўз олганлар бу улуғ сиймонинг шахсияти ва фаолиятида мужассам бўлган ноёб фазилат ва хислатларни яна бир бор ёдга олиб ўтишди. Жумладан, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев яқин ўтмишимиздаги мураккаб даврларда Шароф Рашидовнинг республикамизни қарийб чорак аср давомида катта қийинчиликлар билан бошқарган тарихий ҳақиқатларини бугун, айниқса, ёш авлодларга эслатиш-англатиш жуда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлади.

Фото: Dizak.uz

Тадбирнинг тантанали қисмидан сўнг йиғилганлар Шароф Рашидов руҳига эхтиром сифатида ҳиёбон марказида қад кўтарган ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Шундан сўнг тадбир вилоят анжуманлар саройида давом этди. Унда Ўзбекистон давлат филармонияси қошидаги “Сўғдиёна” халқ чолғулари кавер оркестри ижросида катта концерт дастури намойиш этилди.

Фото: Dizak.uz

Унда  Шароф Рашидов ҳамда Жиззахнинг яна бир суюкли фарзанди, шоир Ҳамид Олимжон шеърларига басталанган куй- қўшиқлар ижро этилди. Бир сўз билан айтганда, атоқли давлат ва жамоат арбоби таваллуди Жиззахда ўзгача шукуҳ ва кайфиятда  қарши олинди.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!