Жамият    8:21 / 20.04.2023     393
Жиззахда сифатсиз гўшт маҳсулотлари ёқиб йўқ қилинди
Ташиш қоидаларига риоя этилмаган ҳолда олиб кетилаётганда тўхтатиб қолинган 400 кг дан ошиқ гўшт маҳсулотлари лаборатория текширувлари натижасига кўра истеъмол учун яроқсиз эканлиги ойдинлашди ва тегишли тартибда ёқиб йўқ қилинган.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимларининг саъйи ҳаракати билан сифатсиз гўшт маҳсулотлари сотилишининг олди олинмоқда.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, 2023 йилнинг 12 апрелга ўтар кечаси Дўстлик тумани ҳудудида жойлашган Манас-14 йўл-патурль хизмати масканида ички ишлар органлари ходимлари Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган “Nexia”ни тўхтатишган.
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги автомашинани кўздан кечириш чоғида юкхонада 315 кг гўшт борлиги аниқланган. Ҳайдовчи гўштни Тошкент шаҳрига сотиш учун олиб кетаётганини таъкидлаган.
Худди шундай, Сангзор-15 йўл-патрул хизмати масканида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари томонидан Жиззах шаҳри йўналишида ҳаракатланаётган “Nexia” тўхтатилган. Шароф Рашидов тумани Яхтанлик маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро бошқарувидаги автомашинани текшириш чоғида ҳайдовчи маҳаладошига тегишли 100 кг гўшт маҳсулотини Бахмал туманидан Жиззах шаҳрига сотиш учун олиб кетаётгани аниқланган.
Иккала ҳолатда ҳам гўшт маҳсулотига оид бирор ҳужжат тақдим этилмаган ва ташиш жараёнида санитария қоидаларига риоя қилинмаганлиги боис вақтинча сақлаш учун музхонага жойлаштирилган эди.
Ушбу гўшт маҳсулотлари лаборатория текширувлари натижасига кўра истеъмол учун яроқсиз эканлиги ойдинлашди ва тегишли тартибда ёқиб йўқ қилинди.
