Жамият    10:00 / 4.11.2022     829
Жиззахда сохта диплом ясаб сотиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди
Шароф Рашидов тумани 1-сон касб-ҳунар мактаби масъул ходимлари Жиззах шаҳридаги масъулияти чекланган жамият раҳбари билан ўзаро тил бириктириб турли коллежлар сохта дипломларини тайёрлаб сотган.

Жиззах вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчилик ва қурол билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Шароф Рашидов тумани 1-сон касб-ҳунар мактаби масъул ходими қўлга олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, у бир фуқарога диплом ясаб бериш эвазига ундан 500 АҚШ доллари, фуқаролик паспорти ва шаҳодатнома нусхаларини олган. Туманнинг Сўғдиёна маҳалласида яшовчи ушбу аёл тезкор тадбир давомида пулнинг 100 АҚШ долларини ўзида қолдириб, қолган 400 АҚШ доллари ва ҳужжатларни ҳамкасбига беришини маълум қилган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, касб-ҳунар мактабининг мансабдори далилий ашёлар билан ушланди.
Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи бу аёл ҳам пул ва ҳужжатларни Жиззах шаҳри Заргарлик маҳалласида яшовчи танишига берган вақтда МЧЖ раҳбари қўлга олинди.
1981 йилда туғилган тадбиркор аввал ҳам жиноят содир этгани учун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётгани аниқланди. Олиб борилган терговга қадар қўшимча текширув ҳаракатлари давомида касб-ҳунар мактабининг ушбу масъуллари 10 кишига улар ўқимаган бўлсада диплом беришгани аниқланди.
Чунончи, Жиззах шаҳрининг Сайлжойи маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро жорий йилнинг август ойида 4 млн. сўмга, Шароф Рашидов тумани Зиёкор маҳалласида яшовчи эр-хотинлар сентябр ойида 500 АҚШ долларига, Тоқчилик маҳалласида истиқомат қилувчи шахс эса 3 млн. 200 минг сўмга, Зафаробод тумани Писталикент шаҳарчасида яшайдиган 2 нафар шахс 2020 йилнинг июн, июл ойларида 4 млн. сўмдан, уларнинг яна бир маҳалладоши эса жорий йилнинг август ойида 3 млн. 500 минг сўм эвазига, Зафарободлик яна икки киши 2022 йилнинг май ва август ойларида 2,5 млн. сўм ва 450 АҚШ долларига сохта диплом сотиб олишган.
Ушбу дипломларнинг 1 таси Жиззах шаҳар Уй-жой ва коммунал хўжалик, 6 таси Жиззах маиший хизмат, 2 таси Жиззах тумани Иқтисодиёт, 1 таси Жиззах Транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежлари томонидан расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
