Жамият    7:26 / 7.06.2023     602
Жиззахлик абитуриентни Самарқанддаги техникумга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 800 доллар талаб қилган шахслар ушланди
Улардан бири Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналардан бирида бригада бошлиғи, иккинчи гумондор эса Самарқанд темир йўл техникуми ўқитувчиси экани маълум қилинган.

Жиззах вилояти транспортда хафсизликни таъминлаш бошқармасига Самарқанд шаҳридаги техникумда ўқиш истагида бўлган абитуриент мурожаат қилиб, уни бир киши таниши орқали танлаган билим юртига ўқишига киритиб қўйишини, хизмати эвазига 800 АҚШ доллари талаб қилганлигини баён этган.
Ушбу ариза асосида соҳа ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, Самарқанд вилояти Иштихон тумани Чағатой маҳалласида яшовчи 1999 йилда туғилган шахс ариза муаллифидан 800 АҚШ доллари эквивалентида 9 миллион 120 минг сўмни олган вақтида ушланди.
Ўзбекистон темир йўллари акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналардан бирида бригада бошлиғи вазифасида ишловчи ушбу фуқаро билан олиб борилган профилактик суҳбатда у олган пулларининг 1 миллион 200 минг сўмини ўзида қолдириб, қолганини Самарқанд темир йўл техникуми ўқитувчисига беришини маълум қилган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилган. Жараёнда 38 ёшли Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган ўқитувчи 8 миллион сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
