Жамият    7:00 / 26.09.2022     207
Маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил этилади — Президент қарори
Жумладан, Жиззах вилоятида 2023 йилнинг август ойигача 178 та ана шундай марказ ишга туширилади.

“Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди
Қарорга кўра, 2022 йил 1 октябрдан:
- касаначига ажратиладиган субсидия миқдори БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача) оширилади;
- олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда камида 20 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни касаначилик асосида иш билан таъминлаган тадбиркорлар ўртасида ҳар йили бир марта ҳар бирининг қиймати 50 миллион сўм бўлган лойиҳалар танлови ўтказилади;
- “Аёллар дафтари”даги камида 5 та ишсиз хотин-қизларни касаначилик асосида ишга қабул қилган тадбиркорлар томонидан давлат мулкидаги бино ва иншоотларни ижарага олишда ижара ҳақи 50 фоиз миқдорда ундирилади;
- ходимлари умумий сонининг камида 70 фоизи “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бўлган касаначиликни ташкил этган ва имтиёз берилган даврда уларнинг бандлигини сақлаб қолган тадбиркорлар давлат мулкидаги бино ва иншоотлар учун ижара ҳақи тўловидан 2027 йил 1 октябргача озод этилади.
Ҳар бир туман (шаҳар)да хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ҳузурида лидер касаначиларни жалб этган ҳолда “маслаҳат соатлари” жорий этилади.
Ҳудудларда касаначилик орқали янги иш ўринларини ташкил этган тадбиркорликлар ўртасида “Энг намунали тадбиркор” кўрик-танлови ўтказилади.
Президент қарорида республикадаги 1 595 та маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази ташкил этилиши ҳам белгилаб қўйилган.
Жумладан, Жиззах вилоятидаги маҳаллаларда 2023 йилнинг август ойигача 178 та ана шундай марказ ишга туширилади.
Ҳудудлар кесимида:
- Арнасой тумани — 13 та;
- Бахмал тумани — 23 та;
- Дўстлик тумани — 7 та;
- Зарбдор тумани — 12 та;
- Зафаробод тумани — 9 та;
- Зомин тумани — 39 та;
- Мирзачўл тумани — 12 та;
- Пахтакор тумани — 15 та;
- Фориш тумани — 10 та;
- Янгиобод тумани — 8 та;
- Ғаллаорол тумани — 25 та;
- Жиззах шаҳри — 5 та.
