Жамият    7:00 / 9.10.2022     492
Зафаробод туманида фуқаро жаҳл устида танишини пичоқлаб ўлдирди
У опаси таниши билан спиртли ичимлик ичиб ўтиргани устига келиб қолган ва жаҳлини жиловлай олмай қотилликка қўл урган.

Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 25 мартига ўтар кечаси Зафаробод тумани Нурафшон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро туманнинг Чимқўрғон маҳалласида яшовчи ўзига таниш бўлган аёлнинг уйига келган.
Ҳолатдан хабар топган аёлнинг укаси опасининг уйига бориб жигари бегона эркак билан спиртли ичимлик ичиб ўтирганига гувоҳ бўлади. Шу орада унинг 26 ёшли укаси А.Ҳ. ҳам етиб келади.
Ука жаҳл устида қўлидаги арматура бўлаги билан ўзи билан бир коллежда таҳсил олган меҳмоннинг бош қисмига уради. Ака уларнинг ўртасига тушиб, укасини силтаб ташлайди. А.Ҳ. эса қўлида ошхона пичоғи билан қайтиб келади ва меҳмоннинг чап қўлтиғи остига бир марта пичоқ уради.
Оқибатда жабрланувчи ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат Жиноят ишлари бўйича Зафаробод тумани судида кўриб чиқилди. Суд айбланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб уни 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Жазо умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланди.
