Жамият    10:01 / 27.02.2023     664
Зафаробод, Зомин ва Ғаллаоролда электрдан ноқонуний фойдаланган шахсларга жиноят иши қўзғатилди
Ушбу учта ҳудудда салкам 450 минг кВт/соатга яқин электр энергияси ўғирлангани аниқланган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабаига кўра, департаментнинг Зафаробод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «П.» МЧЖ раҳбари А.З. ва бошқалар электр энергияси тўловларидан 259,2 миллион сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлишига қарамасдан, тош майдалаш ускуналарини умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 441,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Зомин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «С.-И.» фермер хўжалиги раҳбари М.А. ва бошқалар фермер хўжаликка қарашли ер майдонларини суғориш учун сув насосини сохта ҳужжатлар орқали умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 342,9 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Бундан ташқари, департаментнинг Ғаллаорол туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, «Ф.-Т.» хусусий корхонаси раҳбари Ш.К. ва бошқалар ушбу корхона ғишт заводида 400 кВт/с қувватга эга трансформаторни умумий фойдаланишдаги тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, 131,1 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
