Жамият    7:01 / 28.11.2022     318
Зомин ва Пахтакор туманларида гиёҳфурушлар қўлга олинди
Пахтакорда фуқаро 2 килограммдан ошиқ марихуанани 800 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, 2022 йилнинг 17 ноябр куни Зомин тумани Беруний маҳалласида истиқомат қилувчи 1994 йилда туғилган шахс ички ишлар органлари ходимлари томонидан шахсий тинтув қилингандан унинг чўнтагидан қоғоз парчасига ўралган 120,1 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси топилган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу шахс наркотик моддани Зомин тумани Бунёдкор маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган шахсдан олгани маълум бўлган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, гиёҳванд модда сотувчиси 14 дона гугурт қутисига солинган 54,4 грамм марихуанани 4 млн 900 минг сўмга сотаётган вақтда ушланди.
Арнасой тумани Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи 1987 йилда туғилган фуқаро эса Пахтакор тумани Боғишамол маҳалласи ҳудудида 800 АҚШ доллари эвазига 2 кг 466 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини сотгани аниқланган.
