Сиёсат    7:00 / 26.11.2022     253
Фориш тоғ полигонида маҳаллий ҳокимият органи раҳбарлари ҳарбий тайёргарликдан ўтишди
Беш кун давом этган йиғин жараёнида давлат бошқарув органлари раҳбарлари жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият бўйича таҳлилий маълумотлар, Қуролли Кучларни ривожлантиришда ҳарбий-маъмурий секторларнинг фаолияти ва роли билан танишиб, ҳарбий алоқа, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, спорт ҳамда отиш тайёргарликларидан ўтди.

Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғин бўлиб ўтди.
Марказий ҳарбий округ матбуот хизматининг маълум қилишича, беш кун давом этган йиғин жараёнида давлат бошқарув органлари раҳбарлари жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият бўйича таҳлилий маълумотлар, Қуролли Кучларни ривожлантиришда ҳарбий-маъмурий секторларнинг фаолияти ва роли билан танишиб, ҳарбий алоқа, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, спорт ҳамда отиш тайёргарликларидан ўтди. Энг муҳими, иштирокчилар машқларни амалда бажариб, ҳарбий кўникмаларини оширди, билимларини мустаҳкамлади.

Иштирокчилар фақат ҳарбий машғулотлар билан чекланиб қолмай, турли спорт ўйинлари бўйича мусобақаларда қатнашди. Хусусан, улар турникда тортилиш, арқон тортиш, футбол, волейбол ҳамда стол тенниси бўйича ўтказилган беллашувларда ўз маҳоратларини амалда кўрсатди.
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган ҳарбий хизматчилар томонидан ўтказилган ҳар бир машғулот қатнашчиларнинг мазкур соҳани пухта ўзлаштиришларида муҳим ўрин тутди.
Йиғин иштирокчиларининг машғулотлар жараёнини мудофаа вазири ўринбосари полковник Қодиржон Турсунов ва икки вилоятнинг раҳбарлари бевосита кузатиш билан бирга ўзлари ҳам қатнашди.
Шунингдек, йиғин иштирокчиларига жанговар ва зирҳли техникаларнинг бошқарилиши, экипажлар жойлашуви, қўлланиладиган қурол ва қурилмалари ҳақида маълумотлар берилди. Шундан сўнг, йиғин қатнашчилари ушбу техникаларда маълум бир масофани босиб ўтдилар.
Навбатдаги ўқув нуқтасида база ҳудудини жиҳозлаш, фронторти таъминотини йўлга қўйиш, кузатув пункти, турли хил тўсиқлардан ўтиш тартиб ва қоидалари, оммавий қуроллардан ҳимояланиш ва экстремал шароитда яшовчанлик сингари машғулотлар амалда кўрсатилди. Булар ҳақда йиғин иштирокчиларига батафсил тушунча ва маълумотлар берилди.

Йиғин иштирокчиларининг кечки дам олиш вақтларини мазмунли о’тказиш мақсадида театр, концерт ҳамда кинофилмлар намойиш этилди.
Йиғиннинг сўнги куни тантанали тадбир ташкил этилиб, орттирилган тажриба ва кўникмалар сарҳисоб қилинди. Иштирокчиларга сафарбарлик йиғинини тўлиқ ўтаганлик бўйича сертификат, энг фаол қатнашчиларга эса Мудофаа вазирлиги ва округ қўмондонлигининг фахрий ёрлиғи, эсдалик нишонлари ва спорт мусобақаларида ғолиб бўлган жамоаларга кубоклар тантанали топширилди.
Қайд этиш жоиз, мазкур йиғин давлат ҳокимияти органлари раҳбарларини ҳарбий фанларни назарий ва амалий машғулотлар орқали ўзлаштириш, ҳудудий мудофаа ва фуқароларни ҳимоя қилишни ўрганиш, маънавий-ахлоқий ва руҳий сифатларини ривожлантириш, давлат ҳарбий қурилиш ишларида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништириш, шунингдек, даҳлдорлик ҳисларини янада оширишда муҳим ўрин тутди.
