Обуна бўлинг

Спорт    7:00 / 30.12.2022     456

Жиззахда Ўзбекистон-Америка ҳамкорлик кўпкари мусобақаси ташкил этилди

Кўпкари ўйинларига АҚШ от спорти федерацияси президенти Аарон Скотт ҳам келди.

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида миллий спортимиз бўлган улоқ кўпкари ўйинларини янада оммалаштириш ва кенг тарғиб этиш мақсадида, Ўзбекистон-Америка ҳамкорлик кўпкари мусобақаси ташкил этилди. Бу ҳақда “Jizzax MTRK” хабар бермоқда.

Кўпкари ўйинлари олдидан АҚШ от спорти федерацияси президенти Аарон Скотт Венделнинг иштирокида матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди.

Анжуманда, Америкалик меҳмон миллатимизга бўлган хурмати, қизиқишлари, айнан кўпкари ўйинларини АҚШга ва қолаверса бутун дунёга тарғиб қилиши борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Савол жавоблар билан икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш,  ҳамкорликда турли спорт тадбирларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. 

Албатта, кейинги йилларда юртимизда от спорти ривожлантирилиб, ёш полвонларнинг кўпайиб бораётганлиги қувонарли. Айниқса, от спорти мактабларининг ташкил этилаётгани, унда қорабайир зотли отларнинг тарбияланаётгани Америкалик мутахассиснинг ҳам эътибор марказида бўлди.

АҚШ билан хамкорликда ташкил этилган кўпкари мусобақаси, байрам тантаналари билан бошланди. Унда тумандаги 20 нафар эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари хатна қилиниб, уларга байрам совғалари, пул ва озиқ овқат махсулотлари берилди. Кўпнинг дуоси билан кўпкари ўйинлари бошланди. Майдонга улоқ ташланди. Полвонлар учар отларида улоқ тортишди.

Қадриятларимизга айланган кўпкари қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларида ҳам оммалашган. Шу куни абжир полвонлар орасида қўшни юрт вакиллари ҳам фаол бўлди. Бахмалдаги кўпкари мусобақаси ишқибозлар ҳайқириғи билан кечга қадар давом этди. 

Сўнгги

Спорт рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!