Обуна бўлинг

Спорт    7:00 / 8.11.2022     286

“Сўғдиёна” янги бош мураббий билан дастлабки ўйинида дурангга эришди

7 ноябр куни Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” марказий ўйингоҳида Coca Cola Суперлигаси 25 туридан ўрин олган “Сўғдиёна”—“Локомотив” баҳси бўлиб ўтди.

Фото: “Сўғдиёна” ПФК матбуот хизмати

2022 йил 7 ноябр куни Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” марказий ўйингоҳида Coca Cola Суперлигаси 25 туридан ўрин олган “Сўғдиёна”—“Локомотив” баҳси бўлиб ўтди.

Улуғбек Бақоев “Сўғдиёна”ни тарк этганидан сўнг жамоани Ёрқин Назаров бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушди.

Ўйинни меҳмонлар фаоллик билан бошлашди ва 2 дақиқадаёқ ҳисобни очишди. “Локомотив” ўнг қанотдан ҳужум уюштириб, Маъруф Жумаевнинг ҳаводан узатмасини Жером Этаме чиройли тарзда мезбонлар дарвозасига жойлади.

“Сўғдиёна”нинг жавоби узоқ куттирмади. Ўйиннинг 6 дақиқасида жиззахликлар бурчак зарбасини амалга ошириб қулай вазият яратишди ҳамда Шоҳруз Норхонов боши билан “Локо” дарвозасини ишғол қилди. Ҳужумчи ушбу голини Улуғбек Бақоевга бағишлади.

21 дақиқага келиб “Сўғдиёна” ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бу вазиятда Жасур Ҳасановнинг индивидуал маҳорати яна ўз маҳсулини берди. Унинг зарбасини меҳмонлар дарвозабони қайтаришга ожиз қолди.

Аммо “Бўрилар” ғалабани сақлаб қола билишмади. Биринчи бўлим тугашига 5 дақиқа қолганида бу гал “Локомотив” стандартдан унумли фойдаланди. Ислом Рашидхонов бурчакдан узатган тўпни Жалолиддин Жумбоев боши билан “Сўғдиёна” дарвозасига “михлади”.

Шундан сўнг ўйинда ҳисоб бошқа ўзгармади ва “Сўғдиёна” ўз уйида “Локомотив” билан жанговар дуранг қайд этди — 2:2.

Учрашувдан кейин мезбонлар бош мураббийи Ёрқин Назаров ўз фикрларини билдирди:

“Зўр, чиройли ўйин бўлди. “Локомотив” жамоаси ҳам ёш футболчилардан иборат. Бугунги “Сурхон” – “Динамо” (1:4) учрашувидан кейин уларда имконият пайдо бўлганди. Шу боис худди яраланган шер каби майдонда борларини беришди, менимча 2:2 ҳисобидаги дуранг адолатли. Бизда ҳам имкониятлар бўлди, уларда ҳам. 

“Сўғдиёна” йил давомида учта фронтда кураш олиб борди. ОФК кубоги ва Ўзбекистон кубогида ярим финалга етиб боришди, чемпионатда ҳам охиригача курашишди. Шу боис йигитлар чарчаб қолишгани сезилди. Қайтараман, натижа ўйинга мос бўлди”, – деди Ёрқин Назаров.

Сўнгги

Спорт рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!