Статистика    10:00 / 20.12.2022     269
2022 йилнинг 11 ойи давомида Жиззахда 756 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти туман, шаҳар бўлимлари томонидан 1406 та ҳуқуқбузарга нисбатан жами 6 млрд 362 млн 244 минг сўм маъмурий жарималар қўлланилди. 610 гектар ер майдони ўз ҳолига қайтарилиши таъминланиб, 204 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилди.

Маълумки, ер дунёдаги энг йирик бойликлардан бири ҳисобланади. Зеро, давлатлар миқёсида стратегик аҳамиятга эга сиёсий муносабатлар ҳам ер билан боғлиқ.
Дарҳақиат, ер умуммиллий бойлик ҳисобланиб, энг муҳим табиий ресурслардан биридир. Шу сабабли ердан оқилона фойдаланиш, самарали ва белгиланган мақсадда ишлатиш зарур.
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти туман (шаҳар) бўлимлари инспекторлари томонидан ер майдонларидан фойдаланиш юзасидан доимий мониторинг ва назорат ишлари олиб борилмоқда. Шунинг билан бирга аниқланган қонунбузилишларнинг олдини олиш ва чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот ва тақдимномалар киритиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ортда қолган 11 ойи давомида ҳудудий бошқарма ҳамда туман (шаҳар) бўлими инспекторлари томонидан ер назорати тизимида олиб борилган тадбирлар натижасида вилоят бўйича 1453 та ҳолатда 756 гектар ер майдони юридик ва жисмоний шаҳслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини мақсадлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак:
– 30 та ҳолатда 80,55 гектари уй-жой қуриш;
– 261 та ҳолатда 7,6 гектари нотурар жой бинолари қуриш;
– 14 та ҳолатда 14,18 гектари кўп йиллик дарахтзорлар барпо этиш;
– 2 та ҳолатда 0,02 гектар балиқ ҳовузи яратиш;
– 646 та ҳолатда 652,84 гектари бошқа ҳар хил мақсадларда фойдаланиш учун эгаллаб олинган.
Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича кадастр органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарларнинг барчасига огоҳлантириш хатлари берилган. Шундан 1052 та ҳолат ихтиёрий бартараф этилиб, 610 гектар ер майдони ўз ҳолига қайтарилиши таъминланди, 204 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалар киритилди (90 та қаноатлантирилган, 16 та рад этилган, 98 таси жараёнда), 20 та ҳолат бўйича қўшма тартиб асосида прокуратура органларига маълумотлар киритилди.
Бундан ташқари 2022 йилнинг ортда қолган 11 ойи мобайнида 1406 та ҳуқуқбузарга нисбатан жами 6 млрд 362 млн 244 минг сўм маъмурий жарималар қўлланилди.
Қўлланилган жарималарнинг 878 тасидан 1 млрд 621 млн 255минг сўм қисми кадастр органлари томонидан ундирилиши таъминланди тўланмай турган 4 млрд 341 млн 978 минг сўмлик жариманинг 421 тасидаги 3 млрд 137 млн 433 минг сўмлик қисми мажбурий ундирувга қаратилди ва мажбурий тартибда 120 та ҳолатда 378 млн 373 минг сўм маблағ ундирилди. Ундирилмаган жарималар 307 та ҳолатда 2 млрд 779 млн 400 минг сўмни ташкил этмоқда ҳамда ундирилмаган жарималарни тегишли тартибда ундирув ишлари олиб борилмоқда.
Кадастр органлари ходимлари томонидан албатта бундан кейинги даврларда ҳам прокуратура, суд органлари, солиқ идоралари, мажбурий ижро бюроси каби тегишли соҳа вакиллари билан ҳамкорликда ер назорати тизимида амалий ишлар олиб борилади.
Нурали МАМАСИЯЕВ,
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси
бошлиғи вазифасини бажарувчи
