Таълим    7:01 / 28.02.2023     363
Жиззахда 3 нафар мактаб ўқувчисининг калтакланиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Тергов давомида, воқеа жойида бевосита бўлган, лекин ҳолатга нисбатан бефарқ муносабатда бўлган ҳамда ўз вақтида ички ишлар бўлимига хабар бермаган умумтаълим мактабининг бир қанча ходимларига нисбатан вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилган.

2023 йилнинг 27 февраль куни телеграм каналларида “Мактабда 3 нафар ўқувчини синфдош қизнинг отаси келиб аёвсиз дўппослади” номи остида видео эълон қилинди.
Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, ўрганишлар давомида ушбу ҳолат 2022 йилнинг 28 октабрь куни Жиззах шаҳридаги 11-сонли умумтаълим мактабда содир бўлганлиги аниқланган.
Ўша куни мактабнинг 8-“Г” синфи ўқувчилари бўлган 3 нафар ўғил бола ўқувчилар шу синф ўқувчи қизларига ўзаро ҳазил ҳатти-ҳаракатлар қилишган. Воқеадан хабар топган ўқувчининг отаси фуқаро Б.М. мактаб ҳудудига келиб, ўқувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатиган.
Бугунги кунда фуқаро Б.М.нинг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида, воқеа жойида бевосита бўлган, лекин, ҳолатга нисбатан бефарқ муносабатда бўлган ҳамда ўз вақтида ички ишлар бўлимига хабар бермаган умумтаълим мактабининг бир қанча ходимларига нисбатан вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилган.
“Шунингдек, бугунги кунда вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан синф раҳбари, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ҳамда мактаб психолoги билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритилган. Ҳолат юзасидан Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси қўшимча маълумот бериб боради”, — дейилади бошқарма хабарида.
