Тиббиёт    7:00 / 14.11.2022     512
Жиззах вилоятидаги кўп тармоқли тиббиёт марказларига қарийб 270 минг евродан маблағ ажратилади
Маблағлар Германия банкининг кредит ҳамда грант маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳа доирасида ажратилади.

“Германиянинг «KfW» банки иштирокидаги «Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш (IV босқич)» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги [418-сонли] президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда миллий ва минтақавий референс лабораториялар ташкил этилиши таъминланади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасидаги 2018 йил 28 мартда имзоланган молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга кўра «Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун қарз ва грант маблағлари ажратиш назарда тутилган.
Президент қарорида Ўзбекистон Республикаси ва «KfW» банки ўртасида 2022 йил 5 августда «Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш (IV босқич)» лойиҳасини молиялаштириш учун 10 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга жами 10,3 миллион евро миқдорида қарз битими ҳамда 1,0 миллион евро миқдорида грант битими имзоланганлиги маълумот учун қабул қилиниши белгиланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек, «KfW» банкининг қарз ҳамда грант маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади.
«KfW» банкининг қарз маблағларини қайтариш, шу жумладан қўшимча ҳақ ва фоизлар, бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қайд этилишича, «Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш (IV босқич)» лойиҳасининг умумий қиймати 13 млн 453,44 минг евро, шундан, «KfW» банкининг 10 млн. 300 минг евро қарз ҳамда 1 млн евро грант маблағлари, шунингдек, 2 млн 153,44 минг евро Давлат бюджети маблағларини ташкил этади. Лойиҳани молиялаштириш учун 2023 йилдан бошлаб зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.
Лойиҳани амалга ошириш билан 4 746 ўрин қувватга эга муссасалар ташкил этилиб, 23 563 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Президент қарорида «Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизация қилиш (IV босқич)» лойиҳаси доирасида жалб этилаётган қарз маблағларининг сарфланиш йўналишлари тақсимоти келтирилган бўлиб, унда, жумладан, Жиззах вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Жиззах вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази референс лабораторияларини модернизация қилиш, керакли тиббий ускуналар ва бошқа зарурий воситаларни харид қилиш учун бу икки тиббиёт муассасасининг ҳар бирига 269 333 минг евро маблағлар ажратилиши белгиланган.
