Тиббиёт    7:28 / 25.01.2023     388
Жиззахда йиғилган 110 та Volkswagen Caddy тез ёрдам машиналари республика ҳудудларидаги “103” хизматларига топширилди
Тез тиббий ёрдам машиналаридан 9 таси Жиззах вилояти “103” хизматига тақдим этилди.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида эскирган автотранспорт воситаларини босқичма-босқич замонавийларига алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Jizzax Auto заводида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида «103» хизматига Volkswagen Caddy русумли 110 дона тиббий ёрдам машиналари топширилди.
Хусусан, «103» хизматида 2938 дона «Тез ёрдам» машинаси бўлиб, шундан 648 таси ёки 22 фоизи норматив ҳужжатларга асосан янгиланишга муҳтож.
Жиззах вилоятида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов ва вазирлик масъул вакиллари иштирокида ўтган янги тез тиббий ёрдам автомашиналарини тантанали топшириш маросимида таъкидланганидек, Volkswagen Caddy юқори техник кўрсаткичга эгалиги, ҳаракатланиш қобилияти юқорилиги ва ихчамлиги билан ажралиб туради.
Ҳозирги кунда 103 тасарруфида:
- 244 та Hunday,
- 145 та Volkswagen Caddy,
- 90 та Nissan,
- 46 та Toyota,
- 228 та Ford,
- 13 та Foton,
- 37 та УАЗ,
- 5 та Isuzu НLR,
- 29 та Isuzu D-MAX,
- 19 та “Газел”,
- 2082 та Damas машиналари хизмат кўрсатмоқда.
Хабарда айтилишича, янги тез ёрдам машиналари ҳудудлардаги мавжуд эҳтиёжга кўра қуйидагича тақсимланди:
- Қорақалпоғистон Республикаси — 10 та,
- Андижон вилояти — 10 та,
- Бухоро вилояти — 10 та,
- Жиззах вилояти — 9 та,
- Қашқадарё вилояти — 10 та,
- Навоий вилояти — 8 та,
- Наманган вилояти — 10 та,
- Сурхондарё вилояти — 9 та,
- Сирдарё вилояти — 8 та,
- Тошкент вилояти — 8 та,
- Фарғона вилояти — 10 та,
- Хоразм вилояти — 8 та.
Президентнинг 2021 йил 27 майдаги 5129-сон ва 2022 йил 16 июндаги 283-сон қарорларига мувофиқ, тизимдаги мавжуд Damas русумли ва хизмат муддатини ўтаган бошқа турдаги автотранспорт воситаларини 2022-2024 йилларда янгилаш белгиланган.
“Халқаро тажрибани ўрганиб, А, Б, C тоифали «Тез ёрдам» автомобиллари учун стандартларни ишлаб чиқишга вазирлик даражасида жиддий эътибор қаратилмоқда. Янги қабул қилиб олинган А тоифали ушбу автомашиналар тез тиббий ёрдам бригадалари ишини янада такомиллаштиришга мўлжалланган. Шу ернинг ўзида 110 та автомобилни барча ҳудудларга тақсимлаб бердик. Ишончимиз комилки, бешинчи авлод Wolkswagen Caddy автомобиллари узоқ йиллар халқимиз манфаатлари учун хизмат қилади”.
Отабек Фозилкаримов — Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.
Тадбир давомида вазирлик масъуллари янги тез тиббий ёрдам машиналарини қабул қилиб олган ҳайдовчилар билан уларнинг имкониятлари ҳақида суҳбатлашди.
Бешинчи авлод Volkswagen Caddy бутунлай янги MQB платформасида яратилган ва 110 от кучига эга атмосфера двигатели билан жиҳозланган.
Жаҳон тажрибасига кўра, тез ёрдам машиналарининг хизмат қилиш муддати 5 йилдан 8 йилгача. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз 103 хизмати автомашиналарини босқичма-босқич янгилаш режалаштирилган.
