Туризм    7:01 / 20.02.2023     509
Айдаркўлда сув сатҳи 2 метргача пасайиб, ҳажми 36,8 млрд метр кубга тушган
Сув сатҳининг пасайиши натижасида қирғоқ бўйлари 15-50 метрга чекиниб, 15-20 смгача, баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Бунинг оқибатлари кўллар ва уларнинг атрофидаги экотизимдаги ўзгаришларда, шу жумладан сувли-ботқоқли ҳудудларнинг ўзига хос флора ва фаунаси камайиб боришида намоён бўлмоқда.

16 феврал куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлиси ўтказилди. Унда “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида олиб борилган ўрганиш натижалари ҳақида ахборот берилди.
Маълум қилинишича, кўллар тизимининг сув ҳажми 2006 йилда 42,1 млрд метр кубни ташкил этган. Сўнгги йилларда иқлимнинг ўзгариши ва ташқи сув манбаларидан ташланаётган чучук сув миқдори айрим йилларда камайиши ва бошқа қатор омиллар сабаб, кўллар тизимидаги сувнинг сатҳи 2 метргача пасайиб, сув ҳажми 36,8 млрд метр кубга тушган. Шунингдек, сувнинг минераллашув даражаси ошган.
Сув сатҳининг пасайиши натижасида қирғоқ бўйлари 15-50 метрга чекиниб, 15-20 смгача, баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Бунинг оқибатлари кўллар ва уларнинг атрофидаги экотизимдаги ўзгаришларда, шу жумладан сувли-ботқоқли ҳудудларнинг ўзига хос флора ва фаунаси камайиб боришида намоён бўлмоқда.
Айдаркўлга ҳар йили қишлаш учун январ-март ойларида 400га яқин, шулардан 13 турдаги халқаро ва 24 турдаги Ўзбекистон Қизил китобига киритилган қушлар учиб келган. Кўл ва кўл атрофидаги экотизим ўзгариши бу қушларнинг ҳам миграция йўлларини ўзгартириши ва йўқолиб кетишига олиб келиши мумкин.
Қўшимча қилинишича, ташқи сув манбаларидан “Айдар-Арнасой” кўллар тизимига жорий йилнинг 10 феврал ҳолатига 500 млн метр кубдан ортиқ чучук сув ташланган. Шунингдек, келгусида кўллар тизимига ташқи манбаларидан қўшимча 1 млрд метр куб чучук сув олиш масаласи юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.
