Ҳодисалар    15:25 / 8.08.2022     267
Жиззах шаҳрида уй ичида қулфланиб қолган 3 ёшли бола қутқарилди
Тўртинчи қаватда жойлашган хонадон эшигини мустақил очишнинг имкони бўлмаган.

Бугун, 8 август куни соат 13:23 да Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Тезкор бошқарув марказига “1050” қисқа рақами орқали Жиззах шаҳар Улуғбек маҳалласи 11-кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг бирида истиқомат қилувчи фуқародан мурожаат тушди.
Маълум бўлишича, хонадон соҳибининг 3 ёшли набираси уй ичида қулфланиб қолган. Тўртинчи қаватда жойлашган хонадон эшигини мустақил очишнинг имкони бўлмаган.
Мурожаат юзасидан дарҳол бошқарма ёнғин-қутқарув отряди ходимлари айтилган манзилга етиб боришди, махсус анжомлар ёрдамида темир эшик очилиб, болакай оила аъзоларига соғ-саломат топширилди.
