Ҳодисалар    20:26 / 23.06.2022     563
Жиззахда автомашина газ баллони портлади
Маълум бўлишича, транспорт воситасидаги носозлик бахтсиз ҳодисага сабаб бўлган.

Бугун, 23 июнь куни соат 15:00 ларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Совунгарлик” МФЙ ҳудудида жойлашган, кўпчиликка “Эрони кўприк заправкаси” номи билан таниш автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциясида ВАЗ-2106 русумли автомобилга ёқилғи тўлдириш жараёнида портлаш содир бўлган.

Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, бошқа транспорт воситаларига зарар етмаган.
Портлаш натижасида ёнғин келиб чиқмаган, ёнғин-қутқарув бўлинмалари ҳодиса жойига чиқарилмаган.

Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, ВАЗ-2106 транспорт воситасидаги носозлик бахтсиз ҳодисага сабаб бўлган.
Суриштирув ишлари давом этмоқда.
