Иқтисодиёт    7:01 / 31.08.2022     1018
Жиззахда Chery автомашиналари ишлаб чиқарилади
Хитой компаниясига тегишли 3 хил моделдаги автомобиллар энди ADM Jizzakh заводида ҳам йиғилади.

Ўзбекистон автомобиль саноати яна учта моделга бойийдиган бўлди. Бу ҳақда Узрепорт хабар бермоқда. Хитойнинг Chery компаниясига тегишли Tiggo 8 Pro Мах, Tiggo 7 Pro ва Arizzo 6 Pro автомобиллари энди ADM Jizzakh заводида ҳам йиғилади.
Жиззах шаҳрида ўтказилган “Innoweek – 2022” инновацион ғоялар кўргазмасида мазкур автомобиллар намойиш қилинди. Бугунги кунда Chery автобренди дунё бозорида ўз ўрнига эга. Компания автомашиналари нафақат Хитой, балки дунёнинг қатор давлатларида ҳам ишлаб чиқарилади.

ADM Jizzakh заводи ишлаб чиқариши цехи бошлиғи Ҳошимжон Ғаффоров нинг сўзларига кўра, Жиззахда йиғилган Chery автомашиналари сентябрь ойида сотувга чиқарилади.

Ҳозирга қадар Chery машиналари келтириб турли йўналишларда тестлардан ўтказилган ва ижобий натижага эришилган. Янги автомашиналарнинг тақдимоти ҳам сентябр ойига мўлжалланган. Тақдимот давомида автомобиллар нархларига ҳам аниқлик киритилади.
ADM Jizzakh’да йиғиладиган Chery машиналари юртимиз иқлимига ҳар томонлама мос келиши маълум қилинган.
