Обуна бўлинг

Иқтисодиёт    7:00 / 7.10.2022     523

Жиззахдан Тошкент ва Самарқандга темир йўл қатнови йўлга қўйилади

«Ўзбекистон темир йўллари» 8 та янги йўналишда темир йўл қатновлари ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати

«Ўзбекистон темир йўллари» 8 та янги йўналишда темир йўл қатновлари ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Бунинг учун 34 та замонавий электропоездлар харид қилинади.

Қайд этилишича, шу мақсадда замонавий электропоездлар сотиб олиш бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Мазкур тендер электропоездларга техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни етказиб бериш, шунингдек, кадрлар тайёрлашни ҳам назарда тутади.

Ҳозирда «Ўзбекистон темир йўллари» Stadler, Skoda, Talgo, Hyundai, CAF, Siemens, Alstom, Hitachi, Pesа, CRRC-Dalian каби дунёнинг энг илғор компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.

Бу Ўзбекистонда туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш, темир йўл транспортида йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талаблари даражасида янги босқичга олиб чиқиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Замонавий электропоездлар харид қилиниши натижасида қуйидаги 8 та янги йўналишда темир йўл қатновлари ташкил этилиши кўзда тутилган: Тошкент–Жиззах–Тошкент, Тошкент–Келес–Тошкент, Навоий–Бухоро–Навоий, Самарқанд–Жиззах–Самарқанд, Самарқанд–Шаҳрисабз–Самарқанд, Самарқанд–Қарши–Самарқанд, Андижон–Хонобод– Андижон, Нукус–Хива–Нукус.

Янги йўналишларда темир йўл қатновининг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда 5 миллион 925 минг 500 нафар йўловчига хизмат кўрсатилади.

Шунингдек, Тошкент–Хожикент–Тошкент, Тошкент–Ангрен–Тошкент, Наманган–Андижон–Наманган, Қўқон–Андижон–Қўқон, Тошкент–Гулистон–Тошкент, Тошкент–Бекобод–Тошкент, Термиз–Сариосиё–Термиз, Қарши–Бухоро–Қарши, Бухоро–Хива–Бухоро, Самарқанд–Бухоро–Самарқанд каби 10 та мавжуд йўналишларда эса қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилади.

Янги йўналишларда поездлар ҳаракатининг йўлга қўйилиши ва мавжуд йўналишларда қўшимча қатновларнинг ташкил этилиши орқали бир йилда жами 22 млн 473 минг 500 нафар йўловчига сифатли хизмат кўрсатишга эришилади.

Сўнгги

Иқтисодиёт рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!