Иқтисодиёт    6:58 / 20.05.2023     396
Шавкат Мирзиёев Хитойда қўшма корхоналарни ишга туширди. Жиззахда “BYD Uzbekistan Factory” автомобилсозлик заводи қурилишига расман старт берилди
Давлат раҳбари ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн ҳамроҳлигида шу кунларда Сиань шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кўргазмасига ташриф буюрди. Кўргазма доирасида Сиан шаҳри ҳамда Сирдарё, Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги телекўприк орқали янги қўшма лойиҳаларни тантанали ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи иккинчи куни доирасида қатор ишбилармонлик тадбирлари бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн ҳамроҳлигида шу кунларда Сиань шаҳрида ўтаётган Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кўргазмасига ташриф буюрди.
Делегациялар икки мамлакатнинг саноат, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, фан, таълим ва инновациялар соҳаларидаги кооперациясига бағишланган стендларни кўздан кечирди. Ўзаро манфаатли шериклик натижалари ва режалари, эришилган янги келишувлар, Ўзбекистонда амалга ошириш учун ташриф арафасида махсус ишлаб чиқилган истиқболли инвестиция лойиҳалари тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Кўргазма доирасида Сиан шаҳри ҳамда Сирдарё, Тошкент, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ўртасидаги телекўприк орқали янги қўшма лойиҳаларни тантанали ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, жами 3,3 миллиард долларлик 15 та лойиҳани – автомобиль ва электромобиллар, қурилиш материаллари, металлдан кенг турдаги маҳсулотлар, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширди ва янги корхоналар қурилишига старт берди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 23 январь санасида UzAuto ва BYD компаниялари расман Ўзбекистонда янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи автомобилларни ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ Қўшма Корхонасини рўйхатдан ўтказган эди.
“BYD Uzbekistan Factory” компанияси, Хитойнинг электромобил ишлаб чиқаришда гиганти ҳисобланувчи BYD компаниясининг мамлакатдан ташқаридаги илк ҳамкорлик лойиҳаси бўлди. Бу, албатта, ўзбек автомобилсозлигига берилган ижобий баҳолардан бири ҳамдир.
Қўшма корхонанинг асосий йўналишлари Ўзбекистонга янги энергия манбаларида ҳаракатланувчи BYD автомобилларини етказиб бериш, ишлаб чиқариш ва сотишдан иборат. Натижада, яқин келажакда Ўзбекистонда BYD автомобилларини маҳаллийлаштириш мақсадида ишлаб чиқаришга мўлжалланган тўлиқ цикл ишга туширилади.
“BYD Uzbekistan Factory” электромобиллардан ташқари, Ўзбекистон бозорига BYD бренди остидаги энг машҳурлардан ҳисобланган Plug-in (PHEV) гибрид электромобилларини ҳам олиб кирмоқчи. Бу турдаги автомобиллар битта заряд ва заправка билан 1 000 километрдан ортиқ масофани босиб ўта олади.
