Жамият    7:00 / 24.05.2023     376
Дон корхоналаридаги давлат улуши оммавий савдоларга чиқарилади. Рўйхатда Жиззахдаги 2 та корхона ҳам бор
Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖнинг давлатга қарашли 94,4 фоиз ҳамда Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Зарбдор элеватори” АЖдаги давлатнинг 94,8 фоиз улуши савдоларга чиқарилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги президент қарори ижроси доирасида 2023 йилда оммавий савдоларга чиқариладиган дон корхоналаридаги давлат улуши (давлат активи) оммавий савдолари жараёнлари бошланганини эълон қилди.
Маълум қилинишича, жумладан, Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги “Жиззахдонмаҳсулотлари” АЖнинг давлатга қарашли 94,4 фоиз ҳамда Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Зарбдор элеватори” АЖдаги давлатнинг 94,8 фоиз улуши савдоларга чиқарилади.
Бунда, биринчи босқичда талабгорлар олдиндан малакаланади (сараланади), жумладан, савдоларда қатнашиш учун талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, закалат пулининг келиб тушганлиги, давлат активидан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабдан келиб чиқиб талабгор томонидан таклиф этилган бизнес концепцияси лойиҳасининг мақбул ёки мақбул эмаслиги кўриб чиқилади.
Иккинчи босқичда талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати), закалат пули миқдори (нарх таклифининг камида 5 фоизини ташкил этиши) ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади.
Талабгорлар томонидан бир ёки бир нечта давлат активи бўйича таклифлар тақдим этилиши мумкин. Бунда, ҳар бир давлат активи бўйича таклифлар алоҳида берилади.
Камида беш йил давомида дон корхоналарининг асосий фаолият тури сақлаб қолинади ва мавжуд дон сақлаш сиғимлари камайтирилмайди. Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат захираси учун сақланадиган дон ҳажмларини шартномалар асосида ҳақ тўлаш эвазига сақлаб берилади.
Давлат активи бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолатларда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида белгиланган тартибда йиллик фоизлар ҳисобланади. Давлат активини сотиб олиш бўйича биринчи босқичда битта таклиф келиб тушган ҳолларда, савдолар ўтказилмаган деб эътироф этилади.
