Жамият    13:33 / 8.08.2022     299
Дўстлик туманига мисрлик сармоядор келди
Тикув-трикатаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи хорижлик сармоядор билан музокаралар ўтказилди

Мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда тадбиркорлар учун қулай инвестиция муҳити яратиб берилаётгани хорижлик сармоядорларнинг қизиқишини оширмоқда.
Жумладан, мисрлик инвестор Одил Муҳаммад ал-Бадрий Дўстлик туманида бўлди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Тикув-трикатаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи хорижлик сармоядор билан туман ҳокимлигида музокаралар ўтказилди. Туман ҳокимининг ўринбосари Исмат Қаршибоев дастлаб меҳмонга мамлакатимизда хорижий сармоядорларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳамда туманнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий салоҳияти тўғрисида қисқача гапириб берди.

Музокараларнинг кейинги босқичи ҳудудларда амалга оширилди. Бунда мисрлик инвесторга тикув-трикатаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган, қурилиши давом этаётган технопарк, шунингдек, туман ҳокимлиги заҳирасидаги ер майдонлари ва бўш бинолар таништирилди.
