Обуна бўлинг

Жамият    9:24 / 21.06.2022     266

Германия тадқиқот маркази вакиллари Жиззахга келди

Қатор вилоятларда ўрганиш олиб бораётган “German economic team Uzbekistan” лойиҳаси келгусида автомобилсозлик бўйича кластер ташкил этиш юзасидан ҳукуматга таҳлил ва таклиф киритади.

Германиянинг “Berlin economics” тадқиқот маркази томонидан мамлакатимизда автомобилсозлик бўйича кластер ташкил этиш юзасидан ўрганиш ўтказилмоқда. Мутахассислар жумладан, Жиззах вилоятида бўлиб, ушбу йўналишдаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишдилар.

Йилдан-йилга аҳоли сонининг ва даромади ошиши кўпгина эҳтиёжлар қатори, автомашина сотиб олишга бўлган талабни ҳам ўсишига олиб келиши табиий. Шу боис, юртимизда келгусида автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эндиликдаги мақсадлардан бири эса – бу автомобилсозлик кластерини ташкил этишдир. Бунинг учун айни пайтда ҳудудлардаги мавжуд имкониятлар ўрганилмоқда. Аниқроғи, “German economic team Uzbekistan” лойиҳаси доирасида автомобилсозлик йўналишида Германиянинг “Berlin economics” тадқиқот маркази томонидан таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Jizzax MTRK” хабар бермоқда.

Мутахассислар дастлаб, Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “WORLD TRADING COMPANY” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Литва қўшма корхонасида бўлишди. Бу ерда ҳозирда автомобиль моторини совутиш тизими учун ишлатиладиган антифриз ва ҳаво филтрлари ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида корхона фаолиятини кенгайтириш орқали 4 минг 500 тонна антифриз, 150 минг дона свича симлари ва 50 минг тонна техник ва мотор мойлари тозаланиб, қайта ишланади.

Шу ўринда алоҳида қайд этиб ўтиш керак, Жиззах вилояти иқтисодиётида автомобил саноатининг пайдо бўлиши – катта янгилик. Биргина 2021 йилда умумий қиймати 3,4 трлн. сўм бўлган учта йирик инветиция лойиҳалари амалга оширилиб, 1960 та иш ўрни яратилди.

Жумладан, “ADM Jizzakh” МЧЖ томонидан “Kia”, “Renault”, “Lada” русумли автомобиллар ишлаб чиқариш лойиҳасининг 2-босқичи амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичида 2020 йилнинг беш ойи давомида завод қуриб битказилди ва ишга туширилди. “German economic team Uzbekistan” лойиҳаси раҳбари ушбу корхона имкониятлари ва режалари билан ҳам танишди.

Шунингдек, лойиҳа иштирокчилари “Жиззах автомобил заводи” масъулияти чекланган жамиятида “Wolksvagen” русумли автомобилларни ишлаб чиқариш жараёни ҳамда “Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамияти фаолияти, бундан ташқари, Жиззах политехника институтида айнан автомобилсозлик йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаб бериш салоҳиятини ўргандилар.

Хулоса қилиб айтганда, бир қатор вилоятларда ўрганиш олиб бораётган “German economic team Uzbekistan” лойиҳаси келгусида автомобилсозлик бўйича кластер ташкил этиш юзасидан ҳукуматга таҳлил ва таклиф киритади.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!