Обуна бўлинг

Жамият    7:01 / 29.07.2022     390

Жиззах шаҳрида “Дўстлик фестивали” ўтказилади

30 июль  —  “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудларида турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб, 30 июль санасини Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” сифатида белгилашни таклиф этган эди.

Олий Мажлис томонидан  2021 йил 5 февралда “Халқлар дўстлиги кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди ва 10 февраль куни ушбу Қонун Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланди.

Маълумки, 2011 йил 27 апрелда БМТ Бош Ассамблеясининг 65 сессиясида  “Халқаро дўстлик куни” тўғрисидаги резолюция қабул қилинган эди. Шу боис,   “Халқлар дўстлиги куни”нинг моҳияти бугунги кунда энг долзарб ва муҳим бўлган, мамлакатимизда бир оила аъзоларидек истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

“Халқлар дўстлиги куни”нинг аҳамияти шундаки, турли миллат ва элатлар, маданият ва тиллар, урф-одат ва қадриятлар эъзозланади; эзгулик, бирдамлик, тинчлик ва осойишталик тараннум этилади.

Бугунги кунда 34 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон Республикасида 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаб келмоқда. Айтиш жоизки, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда бир қатор эътиборли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, 40 га яқин миллий маданий марказлар, 34 та дўстлик жамиятлари фаолият олиб бормоқда. Таълим муассасаларида ўқувчилар учун 7 та (ўзбек, қорақалпоқ,рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман) тилда таълим бериш йўлга қўйилган. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ўз дастурларини 12 тилда намойиш этмоқда. Босма нашрлар 14 тилда нашр этилмоқда.

30 июль  —  “Халқлар дўстлиги куни” муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудларида турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Жумладан, Жиззах шаҳрида “Дўстлик фестивали” ўтказилади. Тадбир “Ўрда” экологик боғида бўлиб ўтади.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!