Обуна бўлинг

Жамият    7:00 / 16.08.2022     239

Жиззах вилояти давлат архивида ўтказилган текширишлар бўйича жиноят иши қўзғатилган

“Ўзархив” агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилда 139 та вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимларида архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назорати ўтказилди.

Фото: АОКА

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев маълум қилди.

“Ўзархив” агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилда 139 та вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлимларида архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назорати ўтказилди. Ўтказилган давлат назорати текширишлари бўйича 132 та кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилган.

Текширишларнинг 14 таси Агентлик томонидан, 125 таси архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан, шулардан 138 таси режага мувофиқ, 1 таси прокуратура органининг ташаббуси билан ўтказилган.

Хусусан, Тошкент Фармацевтика институтида ва Жиззах вилояти давлат архивида ўтказилган текширишлар бўйича тўпланган материаллар прокуратура органларига тақдим этилган ва Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Текширишлар давомида асосан қуйидаги қонунбузилишлар:

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларини белгиланган муддатларда давлат архивларига топширмаслик, архив ҳужжатларининг қимматлилиги бўйича экспертизадан ўтказмаслик, жумладан, архив рўйхатларини тузмаслик, ҳужжатларни тартибга келтирмасдан сақлаш, архив хоналарига бўлган талабларга риоя этмаслик;

Иш юритиш қоидаларига риоя этмаслик, жумладан, иш юритиш йўриқномалари, йиғмажилдлар номенклатуралари ишлаб чиқмаслик;

Архив иши ва иш юритишга масъулларнинг билим ва малакалари етишмаслиги ҳамда тегишли малака ошириш курсларида ўз малакаларини оширмаслик ҳолатлари аниқланмоқда.

Шунингдек, давлат архивлари томонидан 266 та ташкилотлар ва корхоналарга архив иши ва иш юритиш бўйича услубий ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Текширишлар натижасида ташкилот ва корхоналарда сақланаётган Миллий архив фондига киритилган идоравий сақлов муддати тугаган 100 минг сақлов бирлигидан зиёд архив ҳужжатлари тегишли давлат архивларига топширилган.

Ташкилотларнинг 99,8 минг с.б. бошқарув, 117 с.б. илмий-техника, 25,2 минг с.б. шахсий таркиб, 68,9 минг с.б. сақлаш муддати вақтинча бўлган ҳужжатлари архивлар томонидан шартнома асосида тартибга келтирилган.

Тегишли ташкилотлар томонидан 290 та соҳага оид ички ҳужжатлари, хусусан Йиғмажилдлар номенклатураси, Иш юритиш йўриқномаси, МЭК ва ЭК низомлари ва Идоравий архив низомлари ишлаб чиқилган бўлиб, 790 та ҳужжат архивларнинг эксперт-текширув комиссиялари томонидан келишиб берилган.

Вазирлик ва идораларнинг 400 нафарга яқин архив иши ва иш юритишга масъул ходимлар ўз малакаларини оширдилар.

Бундан ташқари, текширишлар давомида архив иши ва иш юритиш бўйича амалиётда вужудга келаётган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида “Ўзархив” агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги ПФ–5834-сон Фармони, 2019 йил 20 сентябрдаги ПҚ–4463-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори ва “Ўзархив” агентлиги Бош директорининг 2007 йил 17 июль 18- сон буйруғи (рўйхат рақами 1703, 2007 йил 13 август) коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди ва Адлия вазирлигига тегишли таклифлар тақдим этилди.

Агентликнинг давлат назорати бўлими томонидан 2022 йил июль ойида архив иши ва иш юритиш ҳолати юзасидан Туризм ва маданий мерос вазирлиги, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида давлат назорати ўтказилди.

Ўтказилган давлат назорати натижаларига кўра Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатларини белгиланган муддатларда давлат архивларига топширмаслик, архив ҳужжатларининг қимматлилиги бўйича экспертизадан ўтказмаслик, ҳужжатларни тартибга келтирмасдан сақлаш ва архив хоналарига бўлган талабларга риоя этмаслик каби қонун бузилиш холатлари аниқланди. Мазкур қонун бузилиш холатлари юзасидан ўрнатилган тартибда тегишли чоралар кўрилди.

Шунингдек, жорий йил якунига қадар Давлат статистика қўмитаси, Академик В.Вахидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Республика ўлат профилактика маркази, Республика ихтисослаштирилган дерматология венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази, “O`ZLITINEFTGAZ” акциядорлик жамияти, “Гидропроект” акциядорлик жамияти, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика Она ва бола скрининг маркази ва Қишлоқ хўжалигини механизациялаш илмий тадқиқот институтида архив иши ва иш юритиш ҳолати юзасидан давлат назорати ўтказиш режалаштирилган.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!