Жамият    14:03 / 27.07.2022     533
Жиззахда айрим ҳудудларда ичимлик суви тақчиллиги кузатилмоқда
Бунга кучли жазирама шароитида сувга бўлган талабнинг ортиши ва электр таъминоти тизимига юкланишнинг ошиб кетгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Ёз мавсумида ичимлик сувига бўлган эҳтиёж ҳар доимгидан ҳам ортади. Бу эса табиийки, айрим ҳудудларда сув босимининг пасайишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, электр таъминоти тизимида кучланиш ортиши ҳам ичимлик суви узатиш иншоотларида қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
Жумладан, Жиззах шаҳридаги Наврўз маҳалласида ҳам босимни пасайиб кетиши натижасида истеъмолчиларнинг ичимлик сувига бўлган талаби тўлиқ қондирилмаётган эди. Шуни инобатга олган ҳолда “Жиззах сув таъминоти” МЧЖнинг махсус сув ташувчи транспорт воситалари манзилга узлуксиз равишда ичимлик сувини етказиб бермоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2021 йилда 25 тоннагача сув олиб юришга мослашган 100 та махсус сув ташувчи транспорт воситалари олиб келинган эди. Шундан Жиззах вилоятига 4 та махсус сув ташувчи транспорт ажратилди. Ҳозирги кунда ичимлик суви таъминоти оғир бўлган ҳудудларга аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб шу каби техникалар воситасида оби-ҳаёт етказиб берилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Агар сизнинг ҳудудингизда ҳам ичимлик сув таъминотида узилишлар кузатилаётган бўлса, “Жиззах сув таъминоти” МЧЖнинг диспетчерлик хизматларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Жиззах вилояти диспетчирлик хизмати: Тел.: +99872 226-03-25
Жиззах шаҳар диспетчирлик хизмат: Тел.: +99872 226-03-15, 72-226-06-27
“Жиззах сув таъминоти” МЧЖ ахборот хизмати
