Обуна бўлинг

Жамият    7:32 / 3.08.2022     433

Жиззахда фуқароларнинг пулларини алдов йўли билан ўзлаштирган фирибгар ушланди

У Жиззах темир йўл бекати парк навбатчиси вазифасида ишлаган.

Жиззах темир йўл бекати парк навбатчиси вазифасида ишловчи Камолиддин Абдулов (исми-шарифлари ўзгартирилган) фуқароларни алдаб уларнинг пулларини ўзлаштиришни ўзига касб қилиб олади.

У жорий йилнинг июнь ойи бошларида Даврон исмли йигит билан учрашиб, унинг қўл телефонига “KRIPTO VALYUTA” иловасини юклаб бериши, ҳеч қандай пул маблағи сарфламаса ҳам 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб беришини ваъда қилади.

Аммо бунга ишонқирамаган Даврон дарров рози бўлмайди. Камолиддин Давроннинг қаршилигига қарамай, уни алдаб телефон аппаратига “KRIPTO VALYUTA” иловасини юклаб беради. Унинг ишончига киргач, у  иловани кузатиб бораман, деб унинг телефонини вақтинча фойдаланиб туришга сўрайди.

Шу пайтда фирибгар йигит онлайн тарзда “Анор банк”дан унинг номига 6 миллион 615 минг сўмлик кредит маблағини расмийлаштириб, ушбу пулларни ўзининг пластик картаси ҳисобига ўтказиб олади.

Банк ходимлари Даврондан олинган кредит тўловини сўрашганда, “дўсти”нинг макри фош бўлади. Алданган йигит дарҳол ДХХ вилоят бошқармаси ва ички ишлар ходимларига алдангани тўғрисида мурожаат қилади.

Бу орада Камолиддин яна бир йигитни алдаб, унга “KRIPTO VALYUTA” иловасини юклаб беришини айтади. 1 000 АҚШ доллари миқдорида кредит олиб бериш эвазига ундан 200 доллар ҳақ сўрайди.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида фирибгар ушбу фуқародан 200 АҚШ долларини алдов йўли билан олаётган вақтида ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Камолиддин Абдуловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!