Обуна бўлинг

Жамият    6:10 / 12.06.2022     308

Жиззахда “Гибрид турдаги муқобил энергия манбаи” синовдан ўтказилмоқда

Бугунги кунда вилоятдаги нимстанциялардаги мавжуд кувват 3 млрд 260 млн. кВт.ни ташкил қилади.

Тажриба синов тариқасида “Гибрид турдаги муқобил энергия манбаи”дан фойдаланиб фермер хўжалиги ерларини ўзлаштириш, экилган боғ ва оралиқ экинларини суғориш ишларини амалга ошириш, шунингдек энергиятежамкор воситалардан фойдаланиб тадбиркорларнинг даромадларини ошириш борасидаги ишлар Жиззах вилоятида ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Бу янги технологиялар Қуёш панели, шамол генератори ва сув энергиясидан фойдаланиш қурилмаларини ўз ичига олади.

Бугунги кунда аҳолини, электр энергия билан узлуксиз таъминлаш, бунинг учун элекр тармоқлари, табиий газ ва кўмир ёқилғиси каби қайта тикланмайдиган воситалардан тежамкорлик билан фойдаланишга ўтиш ва қайта тикланадиган муқобил энергия ресурсларини истеъмол доирасига босқичма босқич киритиш борасида Жиззах вилоятида ҳам режали ишлар давом эттирилмоқда.

Бу борада давлатимиз рахбарининг навбатдаги видиоселекторида масъулларга аниқ ва фойдали тавсиялар, қатор кўрсатмалар берилди. Хусусан, “Муқобил энергия манбалари” қурилмаларини қишлоқ хўжалиги тармоқларига ҳам кенг тадбиқ этиш соҳа ривожидаги асосий масалалардан бирига айланган.

Бугунги кунда жиззахлик фермерлар ва тадбиркорлар худди шундай қурилмалардан фойдаланиб келаётгани, даромад олишнинг иқтисод қилиш йўлига ўтганлигини кўрсатиб турибди. Қуёш панелларини сотиб олиш ва ундан фойдаланишда бериладиган имтиёзлар, электр энергияси билан таъминлашда узилишлар бўлмаслиги, электр энергиясига бўлган тўловларнинг камайиши каби қулайликлар билан тадбиркорларга ҳам жуда маъқул келмоқда. “Jizzax MTRK” хабарига кўра, бугунги кунда вилоятдаги нимстанциялардаги мавжуд кувват 3 млрд 260 млн. кВт.ни ташкил қилади.

Хусусан, Зомин туманидаги “Мўжаз маскан” фермер хўжалигида 
умумий қуввати 37 кВт. бўлган Қуёш фото электр станцияси бир кунда 768 кВт. соат энергия ишлаб чиқармоқда. Бу 10 та хонадонни 100 фоиз электр билан таъминлайди дегани.

Фориш туманида жойлашган “Лаззат-кафолат замини” фермер хўжалигида ҳам умумий қуввати 13,2 кВт бўлган шамол генератори ҳамда Қуёш панеллари ўрнатиши натижасида бир кунда 316 кВт соат қувват ишлаб чиқилмоқда. Бу билан 2 та сув қудуғида 70 гектар майдон суғорилади.

Жиззах вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг тўртта биносининг том қисмига жами 12 та қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилиши натижасида бюджет маблағларидан табиий газ ва электр энергиясига тўланадиган маблағларни иқтисод қилинишига эришилмоқда.

“Жиззахтелеком” филиалининг объектларига 11 та  Қуёш фото электр станциялари ўрнатилган. Бу орқали жами 6000 та хонадонга хизмат кўрсатувчи алоқа объектлари электр билан таъминланган.

Шунингдек, Арнасой, Пахтакор, Зафаробод, Мирзачўл ва Шароф Рашидов туманларининг “Обод қишлоқ” дастури асосида таъмирланган кўча ёритгичларига, Жиззах шаҳрининг “Тошлоқ” ва “Иттифоқ” маҳалларидаги кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига қуёш фото электр станциялари ўрнатилган.

Айни пайтда Жиззах Политехника Институтининг энергетика факултетида вилоятдаги буюртмачи корхоналарнинг талабидан келиб чиққан ҳолда айнан муқобил энергиясига тегишли фанлар йиллик ўқув режасига киритилган ва чуқур ўргатилмоқда.  Институт тадқиқотчилари ҳам махсус лабаратория базасидаги имкониятлардан фойдаланган ҳолда, илмий изланишларини олиб боришмоқда.

Албатта, бугун Жиззах ҳудудида қуёш нуридан фойдаланишнинг турли кўринишларини учратиш мумкин. Тиббиёт муассасаларида, кўчаларни ёритиш, электрон йўл белгиларини ва кузатув камераларини Қуёш панеллари орқали ишлатиш ҳам иқтисодий самарадорлик  кенг тарғиб қилиб борилмоқда.

Олдиндаги мақсад муқобил энергия ресурсларидан кенг фойдаланиш ва буни амалиётда жорий этишнинг самарали йўлларини тарғиб қилишдан иборат. Бунинг учун институтнинг ўзида махсус курслар ташкил этилади, ишлаб чиқариш корхоналарида энергияга бўлган талаб ва имкониятлари чуқур ўрганилади ҳамда тавсиялар берилади.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!