Жамият    7:00 / 18.08.2022     328
Жиззахда холаси томонидан калтакланган 3 ёшли қизча вафот этди
Пахтакор туманининг «Тошкент» МФЙда яшовчи фуқаро қариндошининг тегишли ҳужжатларсиз қарамоғига топширилган фарзандига қасддан оғир тан жароҳати етказган.

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи вояга етмаган қиз холаси томонидан калтаклангани, оқибатда вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. “Бош прокурор Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га ҳолатни тасдиқлади”, – деб ёзмоқда Daryo.
Қайд этилишича, туманнинг «Тошкент» МФЙда яшовчи фуқаро Д.Й. қариндошининг тегишли ҳужжатларсиз қарамоғига топширилган фарзанди Ш.Қ. (2019 йилда туғилган)га қасддан оғир тан жароҳати етказган.
Оқибатда вояга етмаган Ш.Қ. ўзига келмасдан, 13 август куни шифохонада вафот этган.
Д.Й.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Суд ажримига кўра, унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда мазкур жиноят ишлари бўйича вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговнинг бориши устидан вилоят прокурори томонидан алоҳида назорат ўрнатилган.
