Обуна бўлинг

Жамият    7:01 / 12.11.2022     240

Жиззахда хотини ва 5 ёшли ўғлини ўлдириб, сўнгра ёқиб юборган шахс ушланди

22 ёшли бухоролик йигит хотинини хиёнатда айблаб жаҳл устида қотилликка қўл урган.

Фото: видеодан кадр

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, Ғаллаорол тумани ИИБга туманнинг “Кўкгумбаз” қишлоқ фуқаролар йиғини Заргар қишлоғи ҳудудидан ўтган М39 “Тошкент — Термиз” йўлининг ёқасидаги қирликда чала ёнган она ва бола мурдалари топилгани ҳақида хабар берилади.

Айтилган жойга етиб келган ички ишлар органлари ходимлари автойўл ёқасидан чамаси 200 метрлар узоқликда, қирнинг тепа қисмида ваҳшийларча ўлдирилган она ва боланинг жасадларига дуч келишади.

Орадан кўп ўтмай эксперт криминалистлар марҳуманинг Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Низкогорье” ҚФЙ яшаган 1993 йилда туғилган аёл эканини аниқлашди. Ўз навбатида суд-тиббий экспертизаси аёлнинг ўлимига юқори нафас йўлларининг беркилиши, механик асфекция, шунингдек, боланинг ўлимига нафас йўлларининг беркилиши сабаб бўлганлигига оид хулоса берди. Бу эса уларни кимдир бўғиб ўлдирганига ишора эди.

Аёлнинг шахси аниқлангач, суриштирувлар давомида излар Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Сармижол” ҚФЙда истиқомат қилувчи 2000 йилда туғилган йигит томон бошлади. Ўз навбатида Жиззах ҳамда Бухоро вилоятлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан гумондорни ушлаш бўйича тезкор тадбир уюштирилди ва у ўз ҳовлисида қўлга олинди. Кейинроқ тергов давомида йигит қотилликка қўл урганини тан олди.

Маълум бўлишича, марҳума аёл ва гумондор 5 йил муқаддам танишишган. Уларнинг орасида 7 ёш фарқ борлиги сабаб ҳар иккала томоннинг оила аъзолари аёл ҳамда йигитнинг ўзаро муносабатларини қабул қила олишмаган. Шунга қарамай ёшлар шаърий никоҳ ўқитиб бирга яшай бошлашган.

2017 йилда улар фарзандли бўлишади ва турмуш ташвишлари зиммасига тушган йигит ўзини хато қилган ҳисоблай бошлайди. Унинг тайинли касбга эга эмаслиги эса вазиятни янада мураккаблаштиради. Аёл иккинчи фарзандига ҳомиладорлигини айтганида ўша вақтда Тошкентда қурилишда ишлаётган йигит уни ўз олдига чақиради. Она ва бола етиб борганида Тошкент вилояти Зангиота тумани Олим Полвон маҳалласидан ижарага хона олиб, уларни жойлаштиради. Шу ерда аёлнинг қўлида ортиқча пул борлигини кўрган йигит уни хиёнатда айблайди ва шундоқ ҳам дарз кетган муносабатлар янада совуқлашади.

3 кундан сўнг улар Бухорога қайтиш учун йўлга чиқадилар ва соат 17:00 ларда қотиллик рўй берган жоининг тўғрисида киракашнинг автоуловидан тушиб қолишади. Шу ерда йўл ёқаси тик бўлишига қарамай қирликка кўтарилишиб, 2 соат ўша ердаги ёлғиз дарахт тагида дам оладилар.

Суҳбат давомида яна хиёнатдан гап очилади ва йигит аёлнинг юзига тарсаки туширади. Аёл эса йигитнинг бошига тош билан уради. Ғазабланган эркак ожизанинг юзига яна бир неча марта шапалоқ тортади. Оқибатда аёл ўзини 10-12 метр баландликдан  ташламоқчи бўлади. Йигит уни тутиб олиб, аёлнинг бола ухлаб ётган жойдан юқорироққа судрайди.

Фото: видеодан кадр

Аввалига эркак тик турган аёлни қўли билан, йиқилгандан сўнг эса соч қуритгич тармоғи билан бўғиб ўлдиради. Ўша вақтда бола келиб қолади ва йигит уни кўтариб воқеа жойидан узоқлашмоқчи бўлади. Аммо бола онаси билан бирга қолишини айтиб дод солади. Ўша вақтда кўзи қонга тўлган эркак сумка тасмаси билан норасидани ҳам бўғиб ўлдиради…

Икки инсоннинг бошига етган қотил жиноят изларини яшириш учун марҳумларнинг гавдалари устига уларнинг кийим ва буюмларини ташлаб ёқиб юборади. Мақсади таналарни таниб бўлмас даражага келтириш, кейин эса кўмиб ташлаш эди.

Аммо теваракдан итлар овози эшитила бошлайди. Кимгадир дуч келишдан ҳайиққан йигит қочишга тушади. Келган изидан ортга қайтиб йўловчи автоуловга чиқади ва ҳеч нарса бўлмагандек уйига, Бухоро сари йўл олади.

Энди уни узоқ муддатли қамоқ жазоси кутмоқда.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!