Жамият    10:36 / 1.10.2022     302
Жиззахда кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний айланмасининг олди олинди
Қўқон шаҳридан олиб келинган психотроп дори воситалари эгаларига топширилаётган вақтда гумондорлар қўлга олинган.

Жиззах вилояти ИИБ Жиноят-қидирув бошқармаси Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан шу йилнинг 26 сентябр куни тезкор тадбир ўтказилди.
Шу куни тонгги соат 05:20 ларда Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи 1982 йилда туғилган фуқаро Cobalt русумли автомашинани ишончнома орқали бошқариб келиб Шароф Рашидов тумани Халқобод маҳалласи ҳудудидан ўтган F-39 автомобиль йўлининг “Тошкент—Самарқанд” йўналишида йўл четида тўхтаб, Қўқон шаҳридан олиб келган жўнатмани Жиззах шаҳри Улуғбек маҳалласида яшовчи 1974 йилда туғилган ҳамда Қўқон шаҳрида доимий рўйхатда турувчи, ҳозирда Жиззах шаҳри Улуғбек маҳалласида яшаётган 1977 йилда туғилган фуқаролар олиб кетиш учун келган вақтда қўлга олинган.
Автомашина вилоят ИИБга олиб келиниб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда ҳайдовчи ўриндиғи остидан қора рангли полиэтилен пакет ичида жами 66 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
