Обуна бўлинг

Жамият    7:00 / 1.09.2022     256

Жиззахда “Матбуот уйи” қайта тикланди

Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Жиззах вилояти ҳокими қарорига кўра “Матбуот уйи”нинг яна қайта тиклангани жиззахлик журналистлар учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Жиззах вилояти ҳокими қарорига кўра “Матбуот уйи”нинг яна қайта тиклангани жиззахлик журналистлар учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Жиззах вилояти ҳокимининг 2022 йил 26 августдаги 476-3-0-Q/22-сонли қарори қабул қилинди. Унга асосан Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилояти ахборот-кутубхона маркази балансида бўлган Жиззах шаҳрининг “Қассоблик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Ҳамроқул Носиров кўчаси 12-уй манзилидаги бино негизида “Матбуот уйи” ташкил этилди. Мазкур жой Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси балансига ўтказиладиган бўлди.

Маълумот учун, Президентнинг мазкур қарори билан тасдиқланган 2022-2023 йилларда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг 42-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари зиммасига 2022 йилнинг август ойидан 2023 йилнинг май ойига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларидаги матбуот уйларини мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокимининг қарорида ҳам тегишли масъулларга ушбу бинони Агентлик томонидан белгиланган регламент талаблари асосида “Матбуот уйи”га мослаштириш, таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа ва сарф-харажатлар сметасини ишлаб чиқиш топширилган.

Бундан англаш мумкинки, яқин кунларда “Матбуот уйи” Ўзбекистон журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, марказий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирларини бир жойга жамлаш орқали Президентимизнинг очиқлик сиёсати ижросини тизимли ташкил этиш, журналист ва блогерлар ҳамда ахборот хизматлари раҳбарлари билан ҳамкорликда ишлаш, учрашув ва музокаралар олиб бориш, матбуот анжуманлари, семинар-тренинг ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун “Медиа майдон” вазифасини ўтайди.

А. Қаюмов, ЎзА

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!