Обуна бўлинг

Жамият    7:01 / 17.10.2022     627

Жиззахда ўта оғир жиноят содир этган шахсларга суд ҳукми ўқилди

Жиззах вилоятида гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланиб келган шахсни аввал ваҳшийларча уриб ўлдириб, кейин машинасига солиб ёқиб юборган жиноятчиларга ҳукм ўқилди.

Фото: видеодан кадр

Жиззах вилоятида гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланиб келган шахсни аввал ваҳшийларча уриб ўлдириб, кейин машинасига солиб ёқиб юборган жиноятчиларга ҳукм ўқилди.

«Дарё» нашри «Бир жиноят изидан» кўрсатувидаги маълумотларга таянган ҳолда материал тайёрлади.

2021 йилнинг 28 декабрь куни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани Ички ишлар бўлимига хабар келиб тушган. Унга кўра, Найман қишлоғи ҳудудидаги дала майдонида давлат рақамисиз бўлган Spark автомашинаси автоҳалокат туфайли ёниб кетгани айтилган. Воқеа жойига тезкор тергов гуруҳи етиб бориб, куйиб кул бўлган Spark автомашинаси кўздан кечирган.

Фото: видеодан кадр

Самандар Раззоқов Ғаллаорол тумани прокурори:

2021 йилнинг 28 декабрь куни соат тахминан 09:30 ларда туман Ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, туманнинг Найман қишлоғи ҳудудида жойлашган Абдумажид Абдуғаффор фермер хўжалиги дала майдонида Spark автомашинасининг ёнган ҳолати бўйича маълумот келиб тушди.

Мазкур маълумотга кўра, воқеа жойида тезкор ходимлар билан етиб борилганда, у ерда оқ рангли Spark автомашинасининг ичида ёниб кетган шахси номаълум мурда борлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди ҳамда тергов ҳаракатларига киришилди.

Суруштирувларга кўра, жабрланувчи Самарқанд шаҳар, «Зарафшон» маҳалласи Мурунтов кўчаси, 5-уйда яшовчи Аминжон Сафаров бўлиб чиққан.

Отажон Қодиров Жиззах вилояти прокуратурасининг катта терговчиси:

Акмал Абдуллаев марихуана гиёҳвандлик воситаларининг савдоси билан шуғулланиб келган ва мазкур жиноят иши бўйича марҳум Сафаров Аминжонга 2021 йил октябрь—декабрь ойларида икки юз тўқсон грамм гиёҳвандлик воситасини икки минг долларга сотган. Шундан сўнг Акмал Абдуллаев Аминжон Сафаровдан гиёҳвандлик воситалари учун пул талаб қилганда Сафаров Аминжон пулларни яна сўраган тақдирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришини маълум қилган.

Тергов даврида маълум бўлишича, 1990 йили Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги Бешсаид қишлоғида туғилган Акмал Абдуллаев аввалига кучли руҳий таъсир қилувчи «Лирика», «Трамадол» таблеткаларини ичишга ўрганиб қолади.

Янги таниши Аминжон Сафаровдан яшил рангли, ўткир ҳидли, қуритилган ҳолдаги ўсимлик таркибида гиёҳванд моддаси мавжуд бўлган марихуанани олиб татиб кўра бошлайди. Бир йил ичида Акмал Абдуллаев Аминжан Сафаровдан қарз бўлиб қолади. Кунора қарзини қистаган Аминжонни кўргани кўзи йўқ. Берай деса қўлида пули йўқ. Ўйлаб, ўйлаб Акмал Абдуллаев қишлоқдошларидан жиноятга мойил, бирор ишнинг бошини тутмаган, бекорчи йигитларни тўплаб жиноий режа тузади.

Фото: видеодан кадр

Отажон Қодиров, Жиззах вилояти прокуратурасининг катта терговчиси:

Акмал Абдуллаев Аминжон Сафаровни ўлдиришни мақсад қилиб, бу йўлда ўзининг танишлари, бир қишлоқда яшовчи Вафоев Яшин ҳамда Қодиров Элмуродларни жалб қилади. Улар Жонбой тумани марказида Сафаров Аминжонни ўлдириш режасини тузади.

Жиноий режага мувофиқ улар ўзлари билан биргаликда жиноят қуроллари бўлмиш — болға, теша ҳамда махсус елим идишда бензин ёқилғисини олишади. Шундан сўнг 2021 йил 27 декабрь куни Сафаров Аминжонга қўнғироқ қилиб, унга гиёҳвандлик воситаси сотишни маълум қилганидан сўнг ўзи билан биргаликда пул олиб келишини тайинлайди ва учрашув жойини Самарқанд вилояти Жомбой туман Қораариқ қишлоғидаги сой бўйини танлайди. Шундан сўнг, тушдан кейин Сафаров Аминжон ўзининг бошқарувидаги Spark русумли автомашинада воқеа жойига етиб келади ва Абдуллаев, Вафоев, Қодировлар биргаликда унинг танасининг турли жойларига юқорида айтиб ўтилган болға, теша ва қўллари билан оғир тан жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдиради.

Жиноятни яшириш мақсадида Аминжон Сафаровнинг жасадини унинг бошқарувида бўлган Spark автомашинага жойлаб, Ғаллаорол туманига олиб келади. Туманидаги фермер хўжалигининг дала майдонида Spark машинасини тўхтатиб, Аминжон Сафаров ва Spark автомашинасига бензин ёқилғисини қуйиб, завурга машинани тушурган ҳолатда ёқиб юборади. Автомашина давлат белгисини яшириб, воқеа жойидан яширинган.

Фото: видеодан кадр

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Сафаров Аминжоннинг ўлими ҳаётига бевосита таҳдид соладиган очиқ юқори ва пастки жағ суяги синиш жароҳати, юқори лабининг йиртилиши, чап жағ суягининг синиш жароҳати ва бош мияга қон қуйилиши, қаттиқ жисм таъсирида етказилган оғир жароҳатлар натижасидан юзага келган.

Шербек Исанов, Жиззах вилояти прокуратурасининг бўлим бошлиғи:

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида айбланувчилар Абдуллаев, Вафоев, Қодировлар томонидан содир этилган ўта оғир жиноятлар тўлиқ фош этилди. Уларнинг жинояти тергов ҳужжатлари, кимёвий экспертиза, суд экспертиза, биологик экспертизалар билан тўлиқ тасдиқланди. Жиноят ишлари бўйича тўпланган далиллардан келиб чиқиб, буларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси 3- қисми ва бошқа моддалар билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши уларнинг айби тўғри тасдиқланган ҳолда судга юборилган.

Ирода Муҳаммедова, Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг судьяси:

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2022 йил 14 июндаги ҳукми билан жавобгарлигини оғирлаштирувчи ҳолатларда қотиллик жиноятига қўл урган 3 шахс, Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и», «п» бандлари (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш — тамагирлик ниятида, бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда), 164-моддаси 3-қисми «г» банди (босқинчилик — баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этиш) ва бошқа моддалар билан айбли деб топилган.

Уларнинг ҳар бирига озодликдан маҳрум қилиш тарздаги жазо тайинланди. Абдуллаев Акмалга нисбатан узил-кесил 20 йил муддатга, Вафоев Яшинга нисбатан 19 йил муддатга, Қодиров Элмуродга нисбатан эса 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!