Обуна бўлинг

Жамият    10:52 / 4.01.2023     266

Жиззахда овчилар экология давлат инспекторига тан жароҳати етказди

Давлат инспектори шифохонага етказилган.

2023 йил 2 январь куни Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги А.Икромов СИУ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги раҳбари томонидан туман экология бўлими давлат инспекторларига туман ҳудудида ноқонуний ов қилиш ҳолатлари кузатилаётганлиги ва ушбу овчиларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилинган.

Жиззах вилояти экология бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, мурожаатни ўрганиш мақсадида Пахтакор тумани экология давлат инспекторлари Ҳ.Сувонқулов ва Б.Мелиевлар ушбу фермер хўжалиги ҳудудига 2023 йилнинг 2 январь куни тахминан 15:30 лар атрофида етиб боришади.

Ҳудудда оқ рангли 25 В 024 GA давлат рақам белгили Nexia русумли автоуловда уч нафар шахс ов қуроллари билан ов қилиб юрганлиги ҳолати аниқланади. Шундан сўнг инспекторлар томонидан овчилардан тегишли ҳужжатлар сўралганда, улар  давлат инспекторларига қаршилик кўрсатиб, ҳужжатларни тақдим этмасдан автоуловни ҳаракатлантиришни бошлайдилар. Инспектор Б.Мелиев автоуловнинг орқа эшигини очиб, уларни тўхтатишга уринади. Лекин инспекторнинг қонуний талабига  бўйсинмаган овчилар  инспектор Б. Мелиевни автоулов салонига тортиб олиб, автоуловни Зафаробод туманига томон ҳаракатлантириб кетади.

Давлат инспектори Х.Сувонқулов автоулов орқасидан кузатиб боради ва инспектор Б.Мелиевни Зафаробод тумани марказига тан жароҳати етказилган ҳолда автоуловдан тушириб қолдирилганлигининг гувоҳи бўлади.

Мазкур ҳолат юзасидан ноқонуний овчиларнинг шахсини аниқлаш ва уларга нисбатан қонуний чора кўриш учун вилоят ИИБга хабар берилди. Давлат инспектори Б.Мелиев эса РШТЁМ Жиззах вилояти филиалига тиббий ёрдам кўрсатиш учун олиб келинди.

Айни кунда ушбу ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Жиззах вилояти экология бошқармаси ахборот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилишини маълум қилди.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!