Жамият    7:01 / 31.10.2022     313
Жиззахда сумкасида гиёҳвандлик моддаси олиб кетаётган аёл қўлга олинди
Бу — жиззахлик божхоначилар томонидан 10 кун ичида фош этилган учинчи шундай жиноят.

“Фарғона — Жиззах” йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган фуқаро божхоначилар томонидан белгиланган тартибда тўхтатилиб, унинг қўл сумкаси кўздан кечирилди.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, жараёнда сумка ичидан яшил рангли, ўткир ҳидли, ўрамлари билан оғирлиги 40,8 грамм бўлган гашиш гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Аёл ўз кўрсатмасида, ушбу гиёҳвандлик моддалари ўзига тегишли эканлиги ва истеъмол қилиш мақсадида олиб юрганлигини маълум қилган.
Энг ачинарлиси, ушбу фуқаро аввал ҳам қинғир ишлари туфайли судланган, аммо тегишли хулоса чиқармаган. Энди у яна қонун олдида жавоб беришига тўғри келади. Зеро ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
