Жамият    7:02 / 10.07.2022     4661
Жиззахдаги бозор ҳудудида киракашлардан “доля” ундириб келган зўравон ушланди
У Жиззах шаҳридан бошқа туманларга қатновчи такси ҳайдовчиларидан пул талаб қилган. Акс ҳолда автотураргоҳга киритмаслик ва киракашлик қилишларига йўл қўймаслик билан қўрқитган.

Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар ходимлари томонидан жорий йилнинг 30 июнь куни Жиззах шаҳридаги Марказий деҳқон бозори ҳудудидаги автотураргоҳда фуқаро аризасига асосан тезкор тадбир ўтказилди.
“Jizzax MTRK” хабарига кўра, тадбирда Жиззах шаҳри Хайробод маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро қўлга олинди. Маълум бўлишича, у Жиззах шаҳридан бошқа туманларга қатновчи такси ҳайдовчиларидан пул талаб қилган. Акс ҳолда автотураргоҳга киритмаслик ва киракашлик қилишларига йўл қўймаслик билан қўрқитган.

Ҳеч қандай ҳуқуқи бўлмасада ҳайдовчиларнинг ҳар биридан автотураргоҳдан фойдаланиш учун 7 000 сўмдан пул сўраган.
Тезкор тадбир давомида ушбу фуқаро 300 000 сўм миқдордаги пулларни олаётган вақтда далилий ашёлар билан ушланди.

Бир қарашда ҳайдовчилардан талаб қилинган пул миқдори унча йирик эмас, 7 000 сўм арзимасдек кўриниши мумкин. Аммо масала қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг эркин фаолият юритиши ҳақида борар экан ҳар қандай ноқонуний ҳаракатга муросасиз қаралади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
