Жамият    7:31 / 3.08.2022     363
Жиззахдаги “Дўстликдонмаҳсулот” давлат дон корхонаси хусусийлаштирилади
Июль ойи охирида Ўзбекистондаги 30 та давлат дон корхонаси кимошди савдосига қўйилган.

1 июндан бошлаб Ўзбекистонда ғалла эркинлаштирилди. Энди давлат ғаллани бозор нархида сотиб олади, фермерлар эса уни биржада сотиши мумкин. Бу ҳақда “Дарё” хабар бермоқда.
Бунинг натижасида ғалла етиштирувчилар, жумладан, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиши кутилмоқда. Шу орқали ялпи ички маҳсулот ҳажмининг кескин ошириши кутилмоқда.
Бундан ташқари, ислоҳот доирасида бир нечта давлат дон корхоналари хусусийлаштирилади.
Июль ойи охирида 30 та шу турдаги корхона кимошди савдосига қўйилган.
Жумладан, Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Дўстликдонмаҳсулот” давлат дон корхонасининг 90,2 фоиз акция пакети “E-auksion” платформасида кимошди савдосига қўйилди.
Савдо қандай ташкил этилган?
Аукционда талабгорлар томонидан бир ёки бир нечта давлат активи бўйича таклифлар тақдим этилиши мумкин. Бунда ҳар бир давлат активи бўйича таклифлар алоҳида берилади.
Корхоналар учун алоҳида нархлар мавжуд эмас. Закалат эса талабгорлар таклиф этган қийматнинг 5 фоиз миқдорида.
Аукционда ғолиб мулк учун тўловни 36 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга.
Савдолар 2 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич учун аризалар 6 сентябрь соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Шундан сўнг иккинчи босқичда талабгорнинг тижорат таклифлари (сотиб олиш нархи ва тўловни амалга ошириш муддати), закалат пули миқдори ҳамда тўлов қобилияти баҳоланади ва ғолиб аниқланади.
