Обуна бўлинг

Жамият    13:25 / 29.07.2022     308

Жиззахдаги маҳаллаларда 38 та микромарказ ташкил этилади

Микромарказларни ташкил қилиш учун давлат мулки объектлари ва ер муайян шартлар асосида тадбиркорларга 5 йил муддатга ижарага берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги “Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни ҳар томонлама кўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолият юритиш шароитларини яхшилаш, авваламбор ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилишини жадаллаштириш ҳамда ушбу асосда доимий иш жойлари ташкил этилишини таъминлаш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида қатор чора тадбирлар белгиланган.

Қарор билан жами 421 та маҳаллада юридик шахс мақомига эга саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказлар ташкил этилади.

Микромарказларни ташкил қилиш учун давлат мулки объектлари ва ер қуйидаги шартлар асосида тадбиркорларга 5 йил муддатга ижарага берилади:

– ўз маблағлари ҳисобидан объектни реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ёхуд ер участкасида бино-иншоотларни қуриш;

– микромарказда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик фаолият йўналишлари бўйича камида 10 та ёки чорвачилик йўналиши бўйича камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлаб бориш.

Президент қарори билан, жумладан, Жиззах вилоятидаги маҳаллаларда 2023 йилнинг февраль—март ойларида саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик йўналишларида 38 та микромарказ ташкил этилади.

Микромарказлар учун умумий майдони 6,10 гектар бўлган 8 та бўш турган ер майдони ажратилади.

Шунингдек, 2023-2024 йилларда Жиззах вилоятидаги маҳаллаларда яна 31 та микромарказ ташкил этилади.

Микромарказлар фойдаланишга топширилган кундан 3 йил муддатга ташкил этилган микромарказлар объектлари ва улар жойлашган ер участкалари бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва мол-мулк солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.

Сўнгги

Жамият рукни бўйича мақолалар

error: Узр: Контент ҳимояланган !!